Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Минтақавий манфаатлардан глобал барқарорлик сари
14:13 / 2025-09-27

XXI асрнинг биринчи чораги ортда қолар экан, глобал сиёсий манзара тобора ўзгаришларга дуч келмоқда. Қудратли давлатлар ўртасидаги рақобат, иқтисодий санкциялар, янги технологиялар учун кураш, экологик фалокатлар хавфи ва терроризм инсониятга таҳдид сифатида сақланиб қолмоқда.

Бу жараёнлар фонида йирик халқаро ташкилот – БМТ фаолияти атрофида кўплаб баҳс-мунозаралар юзага келаётгани сир эмас. Зеро, бугун дунёда геосиёсий ва геоиқтисодий курашлар, манфаатларнинг тобора стратегик аҳамият касб этиши, халқаро ҳуқуқ нормалари ва демократик қадриятларнинг дарз кетиши ягона, яхлит ёндашувни тақозо этмоқда.

Геосиёсий бурилиш чорраҳасида Ўзбекистон позицияси

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқида икки жиҳатнинг уйғунлашганини кўриш мумкин. Жумладан, давлат Раҳбари ўз маърузасида БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш, унинг таркибини кенгайтириш, жаҳондаги зиддиятлар ва низоларни ҳал этишда БМТни асосий платформа ролини бажариши заруриятини таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон етакчиси қуйидаги муҳим жиҳатларни ажратди:

Биринчидан, Афғонистон масаласини минтақавий хавфсизлик билан узвий боғлаб, бу мамлакатда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш. 

Иккинчидан, Яқин Шарқ, хусусан Ғазодаги можаролар ва Украина конфликти бўйича мулоқот ва адолатли ечимни излаш. 

Марказий Осиё етакчилари БМТ минбарида: минтақа манфаатларининг уйғунлиги ва барқарорлиги

Марказий Осиё давлатлари учун ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик бугунги глобал беқарорлик шароитида муҳим аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида минтақа олдида турган асосий вазифалар 
ва уларни ҳал этиш бўйича қатор йирик ташаббусларни илгари сурди.

Биринчидан, экология масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Оролбўйи экотизимини тиклаш, сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форумини ўтказиш ҳамда иқлим миграцияси юзасидан Глобал пакт қабул қилиш таклифлари нафақат Марказий Осиё, балки бутун инсоният келажаги учун муҳим аҳамиятга эга.

Иккинчидан, минтақанинг иқтисодий ривожланиш учун эътиборга молик ташаббус илгари сурилди. Жумладан, Президент  БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши (EKOSOS) ва БМТнинг Савдо ва Тараққиёт бўйича Конференцияси (YUNKTAD) шафелигида Марказий Осиё иқтисодий тараққиётига бағишланган халқаро форум ўтказиш, шунингдек, БМТнинг Саноатни ривожлантириш бўйича ташкилоти (YUNIDO) билан ҳамкорликда “яшил технологиялар минтақавий хаби”ни ташкил этиш ташаббусини билдирди. Шунингдек, Марказий Осиё бўйича махсус БМТ резолюциясини қабул қилиш таклифи минтақадаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Учинчидан, минтақа хавфсизлиги соҳасида Афғонистонда иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, минтақавий транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш юзасидан БМТ резолюциясини қабул қилиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Тошкентда очишга тайёрлигини маълум қилди.

Мазкур ташаббуслар минтақанинг бирдамлигини мустаҳкамлаб, уни барқарор тараққиёт, тинчлик ва хавфсизлик макони сифатида шакллантиришга хизмат қилади. 

Марказий Осиё етакчиларининг чиқишларида ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббусларга уйғун қарашлар яққол кўзга ташланди. Улар ҳам минтақада барқарор ривожланиш, хавфсизликни таъминлаш ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. 

Жумладан, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Орол ва Каспий муаммолари, иқлим ўзгариши ва музликлар эришига эътибор қаратди. 

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Афғонистонга нисбатан изоляция ва санкциялар эмас, иқтисодий интеграция ва молиявий ресурсларни қайтариш зарурлигини таъкидлади. 

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон музликларнинг тез эриши ва сув инқирози бутун Марказий Осиё учун жиддий хавф эканини таъкидлаб, сув дипломатиясидаги ташаббусларини билдирди. Шунингдек, терроризм, киберхавфсизлик ва Афғонистонда барқарорлик масалаларига тўхталди.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимухамедов “Марказий Осиё – тинч ҳамжиҳатлик макони” форумини БМТ ҳамкорлигида ўтказишни таклиф қилиб, “Халқаро воситачилик куни”ни белгилаш ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, экология масаласида чўлланишга қарши кураш марказини ташкил этиш ва Каспий экологик ташаббусини давом эттириш ниятини билдирди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси натижалари шуни кўрсатдики, Марказий Осиё давлатлари энди халқаро сиёсий жараёнларда ўз овозини қатъий ва равшан ифода эта бошлади. Минтақа давлатлари етакчилари маърузаларида минтақа “яхлит организм” сифатида ривожланиши кераклиги таъкидланди.

Марказий Осиё давлатлари интеграциясида Ўзбекистоннинг роли ва ташаббускорлиги ортиб боради. Бу айниқса, сув ресурслари, энергетика хавфсизлиги, иқлим ўзгариши, терроризм ва Афғонистон масалалари бўйича илғор ташаббусларда кўзга кўринади.  

Хулоса қилиб айтганда, Шавкат Мирзиёевнинг нутқи нафақат Ўзбекистон манфаатларини, балки бутун минтақанинг геосиёсий нуфузини халқаро ислоҳотлар жараёни билан уйғунлаштириш масаласи марказий ўринни эгаллади.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистан етакчиси томонидан илгари сурилган ташаббуслар нафақат минтақавий, балки глобал сиёсий муҳитда ҳам долзарб ва илғор ёндашув сифатида тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Шоҳжаҳон Рашидов, 

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази бош мутахассиси