“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл лойиҳаси бир неча ўн йиллар давомида муҳокама қилинган стратегик ташаббус бўлиб, расмий музокаралар 1990 йилларда бошланган. 2024 йил 6 июнь куни Пекинда Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида мазкур йўлни қуриш бўйича “Стратегик лойиҳани амалга ошириш” битими имзоланди.
Бу уч мамлакат ўртасида амалий йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим тарихий қадам ҳисобланади.
2024 йил 27 декабрь куни лойиҳани амалга ошириш бўйича Қирғизистонда расман қурилиш ишлари бошланди. Бу чоралар транспорт йўналишида алоқаларни мустаҳкамлаш ва минтақадаги инфратузилма боғланишини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Инфратузилма ва техник жиҳатлар
Мазкур темир йўлнинг узунлиги тахминан 532 км ни ташкил этади ва маршрути Хитойнинг Қашқар шаҳридан Қирғизистон орқали Андижонгача боради. Йўлнинг қарийб 40 фоизи туннель ва кўприклар орқали ўтади. Экспертлар фикрича, янги йўлнинг вужудга келиши транспорт ва алоқа муддатлари сезиларли даражада қисқаришига олиб келади.

Геосиёсий аҳамият
Ушбу темир йўл транспорт логистикасини кенгайтириб, Марказий Осиёни дунёнинг муҳим транзит марказига айлантириш имконини беради. Йўл савдо йўлакларидаги рақобатни ошириш, товарлар кўламини кенгайтириш ва минтақалар орасидаги интеграцияни мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим ҳисобланади.
Шунингдек, мазкур инфратузилма Марказий Осиёнинг халқаро савдо аҳамиятини ошириб, Осиё ва Европа ўртасидаги транспорт ҳаракати учун иккинчи тўғридан-тўғри йўл бўла олади.
Иқтисодий ва стратегик таъсир
Таҳлилчилар таъкидлашича, темир йўлдан фойдаланиш Марказий Осиё мамлакатларига Евросиё иқтисодий иттифоқи бозорларига янги йўллар очади ва товарлар оқимини яхшилайди. Бу айниқса, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқаларини кенгайтириш учун кенг имкониятлар яратади.
Умуман олганда, бугунги кунда “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли нафақат стратегик ҳамкорликнинг муҳим устуни, балки бутун минтақавий интеграцияни жадаллаштирадиган, иқтисодий ўсиш ва глобал савдо тизимида минтақамизнинг транзит салоҳиятини мустаҳкамлайдиган муҳим инфратузилмавий лойиҳага айланмоқда.
Отабек Шарипов, ЎзА