Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Минтақавий боғлиқлик, сиёсий ирода ва барқарор ривожланиш стратегияси
12:18 / 2026-02-05

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига давлат ташрифи мамлакатимиз ташқи сиёсатида Марказий ва Жанубий Осиёни ўзаро боғлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиянинг навбатдаги муҳим босқичи бўлади.

Бу ташриф икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги сифат даражасига кўтариш, иқтисодий, ижтимоий, транспорт, энергетика каби соҳаларда ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш орқали барқарор ривожланишга қаратилган аниқ натижаларни кўзда тутади.

Барқарор ривожланиш маркази директори Элёржон САМИНОВ ЎзА мухбирига берган интервьюсида ҳамкорлик истиқболлари, ташрифдан кутилаётган натижалар хусусида фикр билдирди.

– Бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар тизими чуқур трансформация жараёнини бошдан кечирмоқда. Савдо йўлаклари қайта шаклланмоқда, энергетика хавфсизлиги ва озиқ-овқат таъминоти масалалари биринчи ўринга чиқмоқда, иқлим ўзгариши эса давлатлардан якка ҳаракат эмас, балки ҳамкорликни талаб қилаётган глобал чақириққа айланмоқда, – деди марказ раҳбари.

Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, кейинги беш йил ичида глобал логистика харажатлари ўртача 25-30 фоизга ошган, бу эса денгизга чиқиш имконияти чекланган давлатлар учун янги транспорт йўлакларини излашни стратегик заруратга айлантирди.

Ана шундай шароитда Ўзбекистон ташқи сиёсати очиқлик, прагматизм ва ўзаро манфаат тамойилларига асосланиб, яқин ва қўшни минтақалар билан боғлиқликни мустаҳкамлаш стратегик устувор вазифа сифатида белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий мақсади – атрофимизда тинч, барқарор ва иқтисодий жиҳатдан ўзаро боғлиқ маконни шакллантиришдир”.

Покистон айнан шу стратегик мантиқий занжирда муҳим ўрин тутади. Географик жойлашуви, катта ички бозори ва порт инфратузилмасига эгалиги билан у Ўзбекистон учун Жанубий Осиёга чиқишда ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон – Покистон муносабатларининг сиёсий асоси ўзаро ҳурмат, суверенитет ва ички ишларга аралашмаслик тамойилларига таянади. Бу муносабатлар фақат икки давлат манфаатлари билан чекланиб қолмай, балки бутун минтақа хавфсизлигига таъсир этувчи омилга айланмоқда.

Афғонистон масаласи бу ҳамкорликнинг энг муҳим синов нуқталаридан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ва Покистон бу мамлакатни хавф манбаи эмас, балки иқтисодий интеграция орқали барқарорликка олиб чиқиш мумкин бўлган ҳудуд сифатида кўради. Бу ёндашув ёпиқлик сиёсати эмас, балки ривожланишга қаратилган прагматик сиёсатдир.

Президент БМТ минбарида шундай таъкидлаган эди: “Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб этмасдан туриб, барқарор тинчликка эришиб бўлмайди”.

Бу позиция Ўзбекистоннинг тинчлик, хавфсизлик ва самарали институтларга қаратилган миллий устувор мақсадлари билан тўлиқ уйғун.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги товар айланмаси ҳали мавжуд салоҳиятга тўлиқ жавоб бермайди. Бироқ Жаҳон банки таҳлилларига кўра, транспорт харажатлари камайган тақдирда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 2-3 баробаргача ошиши мумкин.

Иқтисодий нуқтаи назардан қараганда, Покистон Ўзбекистон учун фақат янги бозор эмас, балки Жанубий Осиё иқтисодий маконига очиладиган эшикдир. 240 миллиондан ортиқ аҳолига эга ушбу давлат Ўзбекистон саноати учун улкан истеъмол бозорини тақдим этади.

Айниқса, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, фармацевтика ва кимё саноати соҳаларида ҳамкорлик қилиш юқори қўшилган қиймат яратиш имконини беради. Бу соҳаларда қўшма корхоналар ташкил этиш минглаб янги иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмини ошириш, технологик алмашинувни кучайтиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Иқтисодийҳамкорликхалқ фаровонлигини оширишга хизмат қилмаса, у ўз мазмунини йўқотади”.

Ўзбекистон ташқи савдосидаги асосий чекловлардан бири – денгиз портларига чиқиш имкониятининг йўқлиги ҳисобланади. Бу логистика харажатларини оширади, экспорт маҳсулотларининг рақобатбардошлигини пасайтиради.

Халқаро экспертлар маълумотларига кўра, транспорт йўлакларига киритилган ҳар бир доллар сармоя ўртача 4 долларлик иқтисодий самара беради. Трансафғон темир йўл йўналиши амалга оширилган тақдирда Ўзбекистоннинг денгиз портларига чиқиш масофаси 30-40 фоизга қисқаради, юк ташиш муддати бир неча ҳафтадан 10-12 кунгача камаяди. Бу эса мамлакат экспорт маҳсулотларининг рақобатбардошлигини сезиларли даражада оширади.

Покистон портлари орқали Жанубий Осиё ва Ҳинд океани бозорларига чиқиш имконияти эса вазиятни тубдан ўзгартиради. Трансафғон темир йўл ва автомобиль йўлаклари амалга оширилган тақдирда юк ташиш муддатлари кескин қисқаради, транспорт харажатлари камаяди, Ўзбекистон транзит давлат сифатида янги иқтисодий роль касб этади.

Давлатимиз раҳбарининг “Транспорт коммуникациялари иқтисодий тараққиёт билан бирга тинчликни ҳам мустаҳкамлайди”, деган фикри бу йўналишнинг стратегик аҳамиятини очиб беради.

Халқаро энергия агентлиги маълумотига кўра, 2030 йилга бориб Марказий ва Жанубий Осиёда энергияга бўлган талаб ҳозирги кўрсаткичларга нисбатан 30 фоиздан ортиқ ўсади. Шу боис қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш стратегик заруратга айланмоқда.

Иқлим ўзгариши, сув ресурслари қисқариши ва энергияга бўлган талабнинг ўсиши Ўзбекистон ва Покистонни ўхшаш муаммоларга тўқнаш келтирмоқда. Бу муаммоларни якка тартибда ҳал этиш имкони йўқ, улар минтақавий ҳамкорликни талаб қилади.

Ўзбекистон кейинги йилларда “яшил энергетика” соҳасида йирик лойиҳаларни бошлади, Покистон эса қуёш ва шамол энергетикасида амалий тажрибага эга. Қайта тикланадиган энергия манбалари, энергия самарадорлиги ва “яшил иқтисодиёт” соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга ошириш энергия хавфсизлигини мустаҳкамлайди, импортга қарамликни камайтиради, экологик барқарорликни таъминлайди.

Сиёсий келишувлар ва иқтисодий шартномалар муҳим. Аммо муносабатларни узоқ муддатли қиладиган энг асосий омил – инсонлар ўртасидаги алоқалардир. БМТ Тараққиёт дастурининг ҳисоботига кўра, таълим ва инсон капиталига киритилган сармоя узоқ муддатли иқтисодий ўсишнинг 50 фоиздан ортиқ қисмини таъминлайди. Шу нуқтаи назардан таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик Ўзбекистон –  Покистон муносабатларининг айнан шу инсоний пойдеворини мустаҳкамлайди.

Талабалар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар, маданий форумлар ва туризм оқимининг ошиши икки халқ ўртасидаги ўзаро ишончни чуқурлаштиради. Бу эса стратегик шерикликни сиёсий циклларга боғлиқ бўлмаган барқарор муносабатга айлантиради.

Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларида навбатдаги дипломатик воқеа эмас, балки Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида барқарор, ўзаро боғлиқ ва тараққий этган маконни шакллантиришга қаратилган қатъий сиёсий ироданинг ифодасидир. Бу ташриф иқтисодий ўсиш, транспорт боғлиқлиги, энергетика хавфсизлиги ва инсон капитали ривожини уйғунлаштирган ҳолда Ўзбекистоннинг миллий барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга хизмат қилади. 

ЎзА мухбири 

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ ёзиб олди.