Бугунги мураккаб ва ўзгарувчан геосиёсий шароитда минтақалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда барқарор ривожланишни кафолатлаш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан Марказий ва Жанубий Осиё ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш, икки минтақа мамлакатлари ўртасидаги стратегик ва иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш давр талабига айланган.
Маълумки, жорий йилнинг 19-21 май кунлари Сурхондарё вилоятида “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқоти биринчи йиғилиши ўтказилди.
Форумда ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, хавфсизлик, барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлаш, иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий сектор ва молиявий тузилмалар ролини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур анжуман нафақат икки минтақанинг ўзаро боғлиқлиги ва манфаатлар муштараклигини тасдиқлади, балки умумий хавфсизлик, иқтисодий ўсиш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида шерикликни янада кучайтириш учун муҳим платформага айланди.
Арманистон Республикаси Бош вазири маъмурияти ҳузуридаги Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот маркази катта маслаҳатчиси Армен Петросян билан суҳбатимиз ҳам мазкур тадбирнинг ўтказилиши ва унинг аҳамияти масалаларига бағишланди.
– Жаноб Петросян, сизнингча икки макро минтақа алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган Термиз мулоқотининг долзарблиги нимада?
– Термиз шаҳрида ўтган халқаро йиғин, аввало, замонавий дунё учун турли чақириқларни ҳал қилиш, мавжуд имкониятлардан фойдаланишнинг турли йўлларини муҳокама қилиш, илгари сурилаётган лойиҳаларни баҳолаш, шунингдек янги ташаббуслар истиқболини кўриб чиқиш зарурати билан аҳамиятли.
Гап шундаки, бугунги глобал дунё муайян ҳудудларда икки томонлама стратегик муносабатларнинг янги форматлари, хавфсизликни таъминлашнинг янги механизмлари юзага келаётганига гувоҳ бўляпти. Ҳамкорликнинг ўзига хос кўринишлари шаклланиши, аввалги муаммоли муносабатлар қайта кўриб чиқилиши, турли инфратузилмалар ривожланиши билан боғлиқ босқичларни бошдан кечирмоқда.
Бу фавқулодда ва ўзига хос ҳолат бўлиб, айниқса, глобал рақобат ва зиддиятлар туфайли доимий хавфсизликка таҳдид пайдо бўлаётгани ҳаётий хавф-хатарларга дуч келаётган микро ва макро минтақалар учун алоҳида аҳамиятга эга. Шу билан бирга, эътиборли жиҳати, аксар минтақаларда давлатлар, маҳаллий халқлар ўртасида умумий тинч келажак учун барқарор, ўзаро манфаатли жипсликка эришиш учун тарихий имконият ҳам вужудга келмоқда, дейиш мумкин.
Бинобарин, бу оралиқ давр чекланган ва дунёда янги барқарор ҳолат ўрнатилгунча алоҳида минтақавий иштирокчилар ўз стратегик дастурларини илгари суришга интилади. Шу боис улар глобал вазият барқарорлашгандан сўнг асосий сиёсий, иқтисодий, савдо ва инсонпарварлик оқимларини жамлаган ўзаро муносабатларнинг аввалги, анъанавий шакллари яна тикланиши мумкинлигини яхши тушунади. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг локомотиви сифатида сўнгги йилларда геосиёсат, хавфсизлик, терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси ва инфратузилма муаммоларини бартараф этиш борасида мақсадли қадамлар қўймоқда. Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш учун турли ташаббусларни илгари сурмоқда. Шубҳасиз, “Термиз мулоқоти” ўта муҳим платформа – юқорида қайд этилган ижобий қарашлар ифодаси сифатида истиқболли лойиҳаларга нисбатан ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.
– Кўпчилик экспертлар фикрича, глобал инқироз шароитида минтақалар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, ҳамкорлик ва ишонч мамлакатлар хавфсизлиги, барқарорлигини таъминлашнинг асосий таянчига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан Марказий ва Жанубий Осиё шериклигини мустаҳкамлаш бугун қай даражада муҳим?
– Мен бундай ёндашувни олқишлайман. Марказий ва Жанубий Осиё ҳамкорлигини ривожлантириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш кўп қиррали ва муҳим вазифа ҳисобланади. Умуман, айни мақсадни амалга оширишга қаратилган ташаббуслар, қўшни минтақалар ўртасидаги алоқадорликни таъминлашга йўналтирилган стратегик дастурлар нафақат иқтисодий, гуманитар, маданий, балки сиёсий интеграция асоси сифатида ҳам баҳоланади. Қолаверса, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг ўзига хос механизми ўлароқ, йиллар давомида айниқса, Афғонистондан келадиган таҳдидларни ижобий кун тартиби орқали бошқаришга қаратилган воситалардир.
Айтиш жоиз, Ҳиндистон ва Покистонни Европа билан боғлашни кўзлаган 573 километрлик, йиллик ўтказувчанлиги 20 миллион тоннага тенг Термиз, Мозори Шариф, Кобул ва Пешовар шаҳарларини улайдиган Трансафғон темир йўли каби лойиҳалар умумий иқтисодий манфаатлар нуқтаи назаридан жуда муҳим. Бу рўйхатга Марказий Осиёдан Жанубий Осиёга электр энергияси узатишга хизмат қиладиган CASA-1000 ҳамда минтақавий транзит инфратузилмаси сифатидаги TAPI газ қувури лойиҳасини ҳам қўшиш мумкин.
– Маълумки, бугунги кунда Марказий Осиё юқори даражада бирлашиш, минтақавий масалаларга яхши қўшничилик руҳида ўзаро манфаатли ечимлар топишга тайёр икки ва кўп томонлама ишонч маконига айланмоқда. Минтақамиздаги ижобий тенденциялар Жанубий Осиё давлатлари билан алоқани ривожлантиришга қай даражада ҳисса қўша олади?
– Мен йиллар давомида хавфсизликка интилса-да, беқарор ҳолатдан чиқа олмаётган, эҳтимол сунъий равишда кучайтирилган ва ҳамон бартараф этилмаган душманлик кайфияти ҳукмрон Жанубий Кавказ минтақасиданман. Бизда турли тарихий воқеаларни тўғри англаш ҳисси йўқолгандек. Бунинг оқибатида минтақа қиёфасини ижобий томонга ўзгартириш имкониятимиз ҳам чеклангандек. Шу нуқтаи назардан турли келишувлар, ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида Марказий Осиёда шаклланган ижобий муҳит, умумий келажак сари одимлаш жараёни биз учун жуда ибратли. Муаммоли, носоғлом вазиятдан чиқиш истаги, шунингдек йирик, қудратли давлатлар рақобати учун майдон, геосиёсий манфаатлар марказига айланиши эҳтимоли мавжудлиги туфайли ҳам минтақаларимиз ўхшаш.
Шубҳасиз, бундай мураккаб ҳудудларда “инқилобий” ғояларни амалга ошириш осон эмас. Бу жараён тарихий ва анъанавий қолиплар, ташқи таъсир, ишончсизлик хавфи ҳамда умидсизлик билан тўқнаш келади. Бинобарин, айнан шу аксиома тинч, хавфсиз ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг энг муҳим формуласи ҳисобланади. Пировардида, узоқ вақт мустақил бўлмаган давлатлар учун ўз ҳудудининг, шу билан бирга мавжуд минтақавий муаммоларнинг ҳақиқий эгаси эканлигини англаш ғоят муҳим. Ахир, географияни ёки қўшниларни ўзгартириб бўлмайди. Минтақавий муносабатлар муҳити, қўшничилик тамойилини эса мослаштириш мумкин. Бундай воситаларни ўзаро боғлиқ, аҳамиятли ва ҳатто минтақадан ташқари иштирок учун ҳам жозибадор қилиш имкони бор. Бу эса, ўз навбатида, янгича алоқалар муҳитида иқтисодиётни, хавфсизликни кучайтиради.
ЎзА мухбири Ўткир Алимов суҳбатлашди