Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви минтақанинг янги стратегик босқичга қадам қўйганини намоён этди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Марям Ниёзова шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган мазкур нуфузли тадбир Марказий Осиёдаги очиқлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик сиёсатининг мантиқий давоми бўлди.
Саммитда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва биринчи марта тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этган Озарбайжон Президентларининг иштирок этиши минтақа учун улкан сиёсий аҳамиятга эга.
Президентимизнинг Озарбайжонни форматга фаол қўшилишини қутлаб билдирган фикрлари – бу Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида янги, мустаҳкам стратегик кўприк барпо этилаётганининг аниқ далили. Бундай яқинлашув нафақат савдо ёки транспорт имкониятлари, балки иқтисодий хавфсизлик, энергетика ва маданий алоқаларни ҳам тубдан кучайтириб беради.
Президентимиз сўзлаган нутқ эса аниқ мақсад ва амалий йўл харитасига эга бўлган стратегиядир. Кейинги йилларда Марказий Осиёда мисли кўрилмаган интеграция жараёнлари амалга ошди. Чегара масалалари ҳал қилинди, дўстлик, транспорт алоқалари тикланди, энергетика ва сув соҳаларда ўзаро манфаатли механизмлар ишлай бошлади.
Буни рақамлар ҳам тасдиқлайди: ўзаро савдо ҳажми 10,7 миллиард долларга етди, минтақавий инвестициялар 17 фоизга ошди. Муҳими, булар сўзда эмас, амалда.
Маслаҳат учрашувларини “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик форматига айлантириш таклифи – бу бутун минтақанинг келишилган, институтлашган ва узоқ муддатли ривожланиш архитектурасини яратиш демакдир.
Минтақанинг келажаги инфратузилма ва технологияга ҳам боғлиқ. Президентимиз таклиф этган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли, Трансафғон логистика йўлаги, Транскаспий коридорлари – булар Марказий Осиёни глобал иқтисодий картанинг узвий қисмига айлантирувчи лойиҳалардир. Бу лойиҳалар амалда барқарор тараққиётга хизмат қилади.
Албатта, экология ва сув масаласи ҳам кун тартиби марказида турди. Марказий Осиёнинг “яшил” тараққиёт концепцияси, Сувдан оқилона фойдаланиш бўйича 10 йиллик амалий ҳаракатлар дастури – бу шунчаки шиорлар эмас, балки келажак авлодлар тақдирига бефарқ бўлмаган халқчил сиёсатдир. Биз сувни тежаш, табиатни асраш масаласида ҳамжамият бўлиб ҳаракат қилишимиз шарт.
Маданий ва гуманитар ҳамкорликка келсак, бу йўналишдаги ишлар алоҳида эътирофга лойиқ. Маънавий мерос бўйича халқаро конгресс, Ислом цивилизацияси маркази, минтақавий илмий тадқиқотлар фонди – буларнинг барчаси Марказий Осиёнинг маърифий кучини тиклаш, ёшлар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Менинг қатъий фикримча, Марказий Осиёнинг келажаги фақат бирликда. Президентимиз таъкидлаганидек, бизнинг кучимиз – бирликда, йўлимиз – ҳамжиҳатлик ва дўстликда.
Агар биз стратегик ёндашув, ўзаро ҳурмат ва умумий манфаат тамойилларига содиқ қолсак, шубҳасиз, бугунги тарихий жараёнлар эртанги барқарор ва фаровон Марказий Осиёнинг пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Янги ташаббуслар бизга шунчалар катта имкониятлар очмоқдаки, бизнинг асосий вазифамиз – ушбу имкониятларни халқларимиз манфаати йўлида амалга оширишдир.
Норгул Абдураимова, ЎзА