Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Минтақа келажаги сувдан оқилона фойдаланишга боғлиқ
16:58 / 2025-11-19

Сўнгги йилларда сув танқислиги Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун энг долзарб муаммолардан бирига айланди.

Иқлим ўзгариши, музликларнинг эриши, аҳоли сонининг ўсиши ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг кенгайиши шароитида сув ресурсларидан фойдаланишнинг кескин ортиши анъанавий сув тизимларининг барқарорлиги пасайишига олиб келмоқда. Минтақа йирик дарёлар оқимининг камайиши, қурғоқчиликнинг кучайиши, ерларнинг таназзулга учраши ва иқтисодиётнинг турли тармоқлари ўртасида сув учун рақобатнинг ортиши каби муаммоларга дуч келмоқда.

Бир давлатда юзага келган қийинчиликлар қўшни давлатларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳолат миллионлаб одамларни сув билан таъминлайдиган, Марказий Осиёнинг озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги асосини ташкил этадиган Амударё ва Сирдарёнинг трансчегаравий хусусияти билан боғлиқ. Дарё оқими даражаси, сув бериш жадвали ёки сувдан фойдаланиш тартибининг ҳар қандай ўзгариши қўшни ҳудудларнинг ривожланишига таъсир қилади.

Вазиятнинг кескинлашуви узоқ муддатли режалаштириш, технологик янгиланиш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ресурсларни бошқаришнинг умумий механизмларини яратишга асосланган тизимли ёндашувни талаб қилмоқда. Марказий Осиёда иқлим ўзгариши шароитида барқарор ривожланишни таъминлаш ва экологик мувозанатини сақлаб қолишга қодир бўлган сувдан фойдаланишнинг янада оқилона моделига ўтиш зарурати мавжуд.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқида экология, иқлим ва сув ресурслари тақчиллиги масалалари доимо эътиборимиз марказида бўлиши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Бугун бу масалалар минтақа келажаги учун ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Зеро, Марказий Осиё мамлакатларининг ижтимоий фаровонлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва тараққиёти айнан атроф-муҳит ҳолати, сув тизимларининг барқарорлиги ва иқлим ўзгаришларига мослашиш қобилиятига боғлиқ. Президент томонидан кўтарилган масалалар биргаликдаги ва изчил ҳаракатларни талаб қиладиган ҳақиқий кун тартибини акс эттирди.

Шу маънода, Қонунчилик палатаси депутати ва мамлакатимизда истиқомат қилаётган кўплаб оилаларнинг манфаатларини ифода этувчи инсон сифатида Марказий Осиё учун асосий таҳдидлардан бирига айланиб бораётган масалага эътибор қаратиш муҳим, деб ҳисоблайман. Гап аҳоли саломатлиги, қишлоқ хўжалиги барқарорлиги, иқтисодиёт ривожи ва ижтимоий фаровонликни белгилаб берувчи ресурс – сув ҳақида бормоқда. Бугунги кунда сувга оддий табиий элемент эмас, балки миллий ва минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг асосий омили сифатида қаралмоқда. Бу Шавкат Мирзиёевнинг  2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш таклифида тўлиқ акс этди. Ушбу ташаббус давлатимиз раҳбарининг муаммо кўламини чуқур англаши, шунингдек аниқ натижага йўналтирилган чора-тадбирларни кўриш зарурлигини кўрсатади. Президентнинг таклифи минтақада сув ресурсларидан фойдаланиш тобора ортиб бораётгани, иқлим ва ижтимоий-иқтисодий хавф-хатарлар кучайиб бораётганига мантиқий жавоб бўлди. Узоқ йиллардан буён илк бор Марказий Осиё мамлакатларини муҳокамалар эмас, балки амалий дастур атрофида бирлаштириш имконияти пайдо бўлди.

Иқлим ўзгаришининг таъсири кучайиши, аҳоли сонининг ўсиши, иқтисодиёт тармоқлари кўпроқ сув талаб қилаётгани ва эскириб бораётагн ирригация инфратузилмаси бугунги юкламага дош бера олмаётгани сабабли вазият тобора мураккаблашиб бормоқда. Олимларнинг таъкидлашича, сўнгги эллик йил ичида минтақа музликлари майдонининг тахминан учдан бир қисми йўқолган. Бу эса яқин йилларда дарё оқимининг сезиларли даражада камайишига олиб келиши мумкин. Прогнозларга кўра, Марказий Осиё аҳолиси кўпайиб, олти-етти йилда бир марта содир бўлган қурғоқчиликлар кескин кўпаяди.

Қишлоқ хўжалиги энг кўп сув истеъмол қиладиган соҳа бўлиб қолмоқда. Ачинарлиси, ушбу қимматли ресурснинг катта қисми аллақачон янгиланиши керак бўлган эскирган каналларда йўқотилмоқда. Айрим ҳолларда йўқотишлар ҳажми берилган сув ҳажмининг ярмига етмоқда. Бундай шароитда қатъий чоралар кўрилмаса, барқарорликни сақлаб қолиш мушкул бўлади. Айнан шу сабабли Президентимизнинг амалий ҳаракатлар ўн йиллигини эълон қилиш ташаббуси минтақанинг барча давлатлари учун долзарб ва муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу таклиф Марказий Осиёга инқирозларга жавоб беришдан сув ресурсларини стратегик бошқаришга ўтиш имконини беради. Бу даврда ирригация тизимларини модернизация қилиш, янги сув тежовчи технологияларни жорий этиш, оқим мониторинги бўйича ягона минтақавий платформани яратиш, шунингдек сувдан оқилона фойдаланишнинг умумий маданиятини босқичма-босқич шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ушбу жараёнда минтақа давлатларининг ҳамкорлиги жуда муҳим. Чунки Амударё ва Сирдарё бир неча давлатлар ҳудудини кесиб ўтади. Умумий сув ресурслари умумий ёндашувларни талаб қилади. Ишонч ва тизимли ҳамкорликни мустаҳкамламасдан эса барқарор ривожланишга эришиб бўлмайди.

Келгуси ўн йилликда минтақа мамлакатлари йиллик сувдан фойдаланиш тартибини келишиб олиш, қўшма лойиҳаларни татбиқ этиш, узоқ муддатли режалар тузиш ва халқаро тажрибани жорий этиш имкониятига эга бўлади. Муҳими, ушбу ташаббус Афғонистонни трансчегаравий дарёларни бошқариш жараёнларига жалб этишни назарда тутади. Бу хавфсизликни мустаҳкамлаш ва сув билан боғлиқ келишмовчиликлар хавфини камайтиришга хизмат қилади.

Сувдан оқилона фойдаланиш нафақат технологик янгиланишни, балки ерларни тиклаш, дарёлар ҳолатини яхшилаш, экотизимларни сақлаш ва сувдан фойдаланишга янгича қарашни шакллантиришни ҳам ўз ичига олади. Қолаверса, бу инвестицияларни жалб қилиш учун ҳам яхши имкониятдир. Боиси, замонавий сув технологиялари иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Бундай технологияларни кенг жорий этиш орқали янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг турмуш даражаисни ошириш ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш мумкин бўлади.

Ушбу жараёнда юзага келиши мумкин бўлган қатор қийинчиликларни ҳам эътиборга олиш лозим. Модернизация катта маблағ талаб қилади. Сув тизимлари ва иқлим ўзгариши хавфлари бўйича мутахассисларнинг етишмаслиги ҳам вазиятни мураккаблаштиряпти. Бундан ташқари, иқлим моделлари доим ҳам оқим динамикасини аниқ башорат қила олмайди. Бунинг учун режалаштиришда мослашувчан ёндашувлар керак. Шу каби муаммолар Президент ташаббуси нечоғлик долзарб аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор намоён этмоқда. 

Агар ўн йилликка мўлжалланган вазифалар тўлиқ ҳаётга татбиқ этилса, Марказий Осиё сув йўқотишларини қисқартириш, қишлоқ хўжалиги барқарорлигини мустаҳкамлаш, экологик вазиятни яхшилаш, сув можаролари эҳтимолини камайтириш ва келгуси ўн йилликлар учун барқарор ривожланиш пойдеворини яратиш имкониятига эга бўлади.

Биз, депутатлар учун сув масаласи ижтимоий ривожланишнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Чунки сув имкониятлар тенглиги, аҳоли саломатлиги ва оилаларнинг турмуш шароитига таъсир кўрсатади. Сувдан оқилона фойдаланиш жамият келажаги ҳақида қайғуриш демакдир. Шу боис, биз Президент ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, қонунчилик фаолияти ва жамоатчилик билан алоқалар доирасида ўн йилликка мўлжалланган дастурларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрмиз.

2036 йилгача бўлган давр бутун Марказий Осиё учун туб бурилиш даври бўлиши мумкин. Сув беқарорлик манбаи эмас, балки тараққиётнинг асоси бўлиши керак. Келажакни бугундан ўзгартиришимиз мумкин, бунинг учун ўз вақтида ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак.

 

Нодира Рашидова, 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати. 

ЎзА