Дунёнинг катта қисми 2025 йилни иқтисодий ноаниқлик ва геосиёсий тебранишлар шароитида ўтказган бир пайтда Марказий Осиё сезиларли даражада йилнинг энг муваффақиятли ҳудудларидан бирига айланди. Бешта давлат – Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон бугунги парчаланган глобал манзарада тобора кам учрайдиган натижага эришди.
Улар барқарор ўсишни сақлаб қолди, минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириб бошқа минтақалар гирдобига тушиб қолган “ноль қийматли ўйинлар”дан (бир томоннинг ютуғи иккинчи томоннинг мағлубияти бўлган курашлардан) қочиб, ўзларини янгиланаётган дунё тартиботида алмаштириб бўлмас иштирокчи сифатида намоён эта олди. Бунда минтақа интеграцияси йўлида ташаббуслари билан ажралиб турадиган Ўзбекистон ва унинг етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида ўрни бор.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномада билдирилган фикрлар ҳам кўп йиллар мобайнида ечимини топмаган кескин сиёсий-иқтисодий зиддиятлар, пайсалга солинган эҳтимолий муросалар макони сифатида баҳоланган минтақа расмий Тошкентнинг азми қарори ила барқарор, прагматик, яқин ва узоқ муддатга йўналтирилган ўзаро бирикувини англатувчи архитектураси шакллана бошланганидан ҳам дарак беради. Хусусан, ўтган йил 31 март куни имзоланган Давлат чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги шартнома, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларацияси жаҳон ҳамжамияти томонидан хайрли йўлда қўйилган дадил қадам сифатида эътироф этилмоқда.
Марказий Осиёнинг ташқи сиёсатда 2025 йилдаги энг катта ютуқларидан бири бу – буюк давлатлар ўртасидаги рақобатни моҳирона бошқара олгани бўлди. Минтақа рақобатлашаётган лагерлардан бирига қўшилиб қолмасдан, “ҳар томонлама мувофиқлаштириш” деб аташ мумкин бўлган стратегияни – Хитой, Россия, Европа Иттифоқи ва АҚШ билан бир вақтда самарали муносабатларни сақлаб қолишни такомиллаштирди.
Бу шунчаки “четда кузатиб туриш” эмас, балки стратегик зукколикдир. Апрель ойида бўлиб ўтган ЕИ-Марказий Осиё саммитида Брюссель инфратузилма ва рақамли алоқаларга 12 миллиард евро сармоя киритишини эълон қилди, Хитой эса минтақавий лойиҳаларга катта маблағ ажратиб, “Бир макон, бир йўл” доирасидаги мажбуриятларини бажаришда давом этди. Қўшма Штатлар ўзининг Марказий Осиёдаги сиёсати марказига сунъий интеллект ва муҳим фойдали қазилмаларни қўйди. Москва эса, Украинадаги уруш анъанавий муносабатларни ўзгартирганига қарамай, минтақага муҳим сиёсий ва иқтисодий шерик бўлиб қолмоқда. Бу ердаги даҳолик Марказий Осиёнинг ўз нейтраллигини сақлаб қолганида намоён бўлади. Минтақа ҳеч кимни қайсидир томонни танлашга мажбурламади ва унинг ўзини ҳам танлов қилишга ҳеч ким мажбурлай олмади. Минтақа Евросиёнинг Швейцариясига – ҳамма учун бетараф, прагматик ва бебаҳо ҳудудга айланди.
Глобал иқтисодий ўсиш 2025 йилда секинлашган бўлсада, Марказий Осиё умумий 5,7 фоизлик ўсишга эришди ва ҳатто Хитойни ҳам ортда қолдирди. Бу шунчаки омад эмас – бу иқтисодиётни кўп йиллар давомида диверсификация қилиш ва стратегик позицияни тўғри танлаш натижасидир.
Ҳозирги вақтда Қозоғистонда ҳар бешинчи фуқаро бизнес соҳасида ишламоқда, иқтисодиётдаги қўшилган қийматнинг қарийб 40 фоизи кичик ва ўрта бизнес ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу шунчаки статистика эмас: бу юз минглаб оилавий корхоналар, технологик стартаплар ва сервис компаниялари бўлиб, улар маҳаллий даражада реал фаровонликни яратмоқда. Олмаотадан Тошкентгача, Бишкекдан Душанбегача тадбиркорлик ҳаётнинг янги меъёрига айланди. Ўзбекистон ютуқлари ҳеч кимникидан кам эмас.
Сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусий сектор фаолиятининг жадал кенгайиши шаклида ўз меваларини бермоқда. Тўққиз йил олдин иқтисодиёт ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш орзу бўлиб кўринарди. 2025 йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулот 145 миллиард доллардан ошди. Глобал савдо тизимида “ўйин қоидалари” ўзгараётган бир пайтда бу йил экспортни 23 фоизга ошириб, 33,4 миллиард долларга етказиш режаси қўйилган. Энг муҳими, ислоҳотлар учун мустаҳкам молиявий база бўладиган олтин-валюта захираларимиз илк бор 60 миллиард доллардан ошди. 2025 йил иқтисодиётимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди.
Жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса иқтисодиётимиз келгуси йилларда ҳам юқори суръатлар билан барқарор ўсиб бориши учун замин бўлади. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи, халқаро рейтинглардаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, Жаҳон банки эълон қилиб борадиган Давлатларнинг технологик етуклик индексида Ўзбекистон 71 поғона юқори кўтарилиб, дунёнинг топ-10 та мамлакати қаторидан жой олди.
Аҳоли фаровонлиги ва бизнесни ўстиришга хизмат қиладиган инфратузилмани янада яхшилаш бўйича ҳам 2025 йил катта ўзгаришлар йили бўлди. Ўтган йилда 5 миллион аҳоли даромадли бўлиб, ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағалликдан чиқди, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди. Юртимизда камбағаллик даражаси 2025 йил бошидаги 8,9 фоиздан 5,8 фоизга тушди.
Бир эслайлик, бу ишлар бошланганида аҳолининг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшарди. Кредит, субсидия, компенсация каби 100 дан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилгани ва буларни маҳалладаги “еттилик”нинг ўзига берилгани натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиқди, ишсизлик 2 карра қисқарди.
Тожикистон инфратузилмавий муаммоларга қарамай, сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича 15 йиллик режани эълон қилди ва ўз ҳудудида минтақавий сунъий интеллект марказини ташкил этишни таклиф қилди. Ҳатто глобал иқтисодий тўфонлар авжига чиққан пайтда ҳам Марказий Осиё ўз “двигателларини” ишчи ҳолатда сақлаш йўлини топди. Минтақа инфратузилмасига киритилаётган инвестициялар нафақат товарларни ташишга, балки келажакдаги инқирозларга нисбатан барқарорликни оширишга ҳам қаратилган.
Хитойни Европа билан боғлайдиган “Ўрта коридор” Транскаспий йўналиши қизиқарли муқобилдан стратегик заруратга айланди. Хитойдан Қора денгизгача бўлган йўл вақти илгари 42 кунни ташкил этган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич атиги 14 кунни ташкил этмоқда ва қисқаришда давом этмоқда.
Биргина Қозоғистон юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган 17 та лойиҳага 26,7 миллиард доллар сармоя киритди ва мамлакатни транзит пунктидан ишлаб чиқариш марказига айлантирди. Ҳозирда 1700 километрдан ортиқ темир йўл линиялари модернизация қилинмоқда, шунингдек, 4500 километр янги инфратузилма қурилмоқда.
Ўзбекистонда шаҳарларни тезюрар поездлар қатнови билан боғлаш учун 2026 йилдан яна 500 километр темир йўл қурилади. Келгуси йили 110 километр темир йўл тармоғи қурилиб, Бўка, Пискент, Бекобод, Боёвут туманлари ҳамда Нурафшон шаҳри пойтахт билан боғланади. Тошкент – Самарқанд йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган йўловчи поездлар учун янги темир йўл линияси қуриш бошланади. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Навоийдаги вокзаллар ҳам хусусий шериклик учун берилади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таҳлилига кўра, сифатли йўллар иқтисодиётнинг камида 2 фоиз ўсишига туртки беради. Автомобиль йўлларининг сифатини яхшилаш, транзит салоҳиятини янада ошириш мақсадида беш йиллик дастур амалга оширилади. Бунда Андижон билан Қўнғиротни, Тошкент билан Термизни, Самарқанд билан Шаҳрисабзни, Олот билан Сариосиёни боғлайдиган, узунлиги 4 минг километр магистрал йўлларни халқаро талабларга мос “автобан”ларга айлантириш кўзда тутилган.
2026 йилнинг ўзида Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудидан ўтган умумий фойдаланишдаги 300 километр йўлларда реконструкция ишлари якунланади. Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ, Пунғон – Наманган ва Қарши – Шаҳрисабз йўналишида юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган 800 километр йўллар қурилишига катта тайёргарлик кўриб, ҳамкорларни белгилаб олдик. 2030 йилгача яна 1,2 минг километр йўл халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда қайта қурилади.
Гап фақат поездлар ва портлар ҳақида кетмаяпти. Сўнгги йилларда глобал таъминот занжирларида узилишлар юз берганда, халқаро транспорт йўллар, хусусан, “Ўрта коридор” ўз қийматини исботлади. Геосиёсий кескинлик бошқа йўналишларни ёпиб қўйганда, Марказий Осиё муқобил вариантларни таклиф қилди. Бу танлов имконияти – вазиятга қараб йўналишни ўзгартириш, мослашиш ва бир нечта йўлларни тақдим этиш қобилияти, инфратузилмани шунчаки харажат манбаидан стратегик активга айлантиради. Бу навбатдаги инқироз қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, ундан ўзига хос суғуртадир.
Энг ҳайратланарли жиҳати шундаки, Марказий Осиё ўзини келажак учун қандай намоён этаётганлигидир. Бошқа минтақалар рақамли трансформация ҳақида гапираётган бир пайтда, Марказий Осиё уни қурмоқда. Қозоғистонда Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ташкил этилди ва Digital Bridge 2025 форуми Марказий Осиёдаги энг йирик технологик форумга айланди. Мамлакат Perplexity AI билан минтақадаги биринчи ихтисослаштирилган сунъий интеллект тадқиқот марказини ташкил этишда ҳамкорлик қилмоқда ва Массачусетс технология институтининг (MIT) инновацион тармоғига қўшилди. Бу шунчаки юзаки қадам эмас, балки келажак авлод иқтисодиётини белгилаб берадиган технологияларга фундаментал йўналиш олишдир.
Тожикистон 2025-2030 йилларни “Рақамли иқтисодиёт ва инновациялар йиллари” деб эълон қилди ва бунда 5G тармоғини жорий этиш ҳамда электрон тижоратнинг ўсишига алоҳида эътибор қаратди. Озарбайжон эса сунъий интеллект соҳасидаги миллий стратегиясини тақдим этди.
Ўзбекистон сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда 20 дан ортиқ лойиҳани амалга оширди. Булар қаторида метрополитендаги кафт изи орқали тўлов тизимлари ва рақамли идентификация платформалари ҳам бор.
Қирғизистон бутун минтақада ҳамкорликни ривожлантириш учун минтақавий сунъий интеллект марказини яратишни таклиф қилди. Туркманистон бир нечта илғор технологияларни ўз олий ўқув юртларида махсус фанлар сифатида жорий этди.
Сунъий интеллектдан ташқари, минтақа блокчейн технологиялари, робототехника, муқобил энергетика ва аниқ деҳқончилик соҳаларида ҳам жиддий қадамлар ташламоқда. “Ақлли шаҳар” лойиҳалари йирик шаҳар марказларида кенг тарқалмоқда. Мақсад Кремний водийсидан нусха кўчириш эмас, балки Марказий Осиёнинг кучли томонлари ва эҳтиёжларига жавоб берадиган ноёб тизимни яратишдир. Туркманистон ўзининг “Виртуал активлар тўғрисида”ги қонунини амалга киритди.
Ҳозирги глобал иқтисодиётда рақобатга чидамли бўлиш учун малакали мутахассислар ва замонавий технологиялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини унутмаслик лозим.
Агар Ўзбекистон саноатда – электроника ва электротехника, биокимё ва полимерлар, фармацевтика ва машинасозлик каби юқори қўшилган қиймат яратадиган соҳаларни ривожлантирса; хизматлар соҳасида – IT, сунъий интеллект, финтех, консалтинг ва транспорт-логистика каби даромадли йўналишларни кенгайтирса; қишлоқ хўжалигида – биоинженериядан фойдаланиб унумдорликни оширса ва илғор агротехника ҳамда сув тежайдиган усулларни қўлласа; шунингдек, иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорликни таъминлаш учун “яшил” энергетика ва чиқиндисиз ишлаб чиқаришга ўтса, таълим ва тиббиётда эса хорижий илғор тажрибалар ва янги технологияларни жорий этса, келгуси беш йилда иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш имконияти пайдо бўлади.
Бу прогноз пухта ҳисоб-китобларга асосланган бўлиб, Халқаро валюта жамғармаси ва нуфузли экспертлар томонидан тасдиқланмоқда.
Келгуси йили иқтисодиётда 6,6 фоиз ўсишни таъминлаб, ялпи ички маҳсулотни 167 миллиард долларга етказиш прогноз қилинмоқда. 2025 йил мамлакатимизда IT хизматлари экспорти илк бор 1 миллиард долларни ташкил этди. Ўзбекистон 2030 йилга бориб, IT хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олган. Шу боис жаҳон бозорида рақобатдошликни ошириш учун Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилди. IT инфратузилмасига инвестиция киритиш учун қатор имтиёзлар берилди.
Келгуси йилда Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 4 та “Дата марказ”, 2 та супер-компьютер ва 15 та олийгоҳда сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади. Бу тиббиёт, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия, жамоат хавфсизлиги каби муҳим соҳаларда 100 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.
Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор космик соҳада сунъий йўлдош ва мамлакатимиз фуқароси бўлган биринчи ўзбек космонавтини фазога учириш бўйича ишлар бошланган. Бу Янги Ўзбекистоннинг илмий ва технологик ривожланишига, умуман, миллий тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқишга катта туртки беради.
Марказий Осиёнинг 2025 йилгача бўлган тарихини шунчалик мафтункор қиладиган жиҳат бу алоҳида ютуқлар эмас, балки уларнинг уйғунлигидир. Минтақа ҳеч кимнинг қўғирчоғига айланмаган ҳолда, ҳамма билан дўст бўлиш йўлини топди. Дунёнинг катта қисми турғунлик ҳолатида бўлган бир пайтда, у ўсмоқда. Бу ўн йилликлар давомида дивиденд келтирадиган инфратузилмани яратиш демакдир. Шунингдек, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш орқали иқтисодий наф оддий фуқароларгача етиб боришини таъминлашдир.
Бу йўлда муаммолар бўлмайди дегани эмас. Инфратузилма лойиҳалари доимий инвестиция талаб қилади, рақамли трансформация эса узлуксиз таълимни талаб этади. Шунингдек, рақобатли давлатлар билан мувозанатни сақлаб қолиш дипломатик маҳоратини тақозо қилади.
Аммо 2025 йилда Марказий Осиё муҳим бир жиҳатни кўрсатди: бу давлатлар ҳаракат эркинлигига эга ва кимнингдир тавсиясига боғлиқ эмас. Улар ўз тарихини ва келажагини мустақил равишда белгиламоқда. Шу даврда, кўплаб минтақалар тарихий тузоқларга тушиб ёки ташқи босимдан фалаж бўлиб қолганида, интилувчанлик энг қимматли активга айланади.
Муҳиддин Калонов,
Навоий давлат университети ректори
вазифасини бажарувчи,
иқтисод фанлари доктори, профессор.