Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Минскда спорт вазирлари матбуот анжумани ташкил этилди (+видео)
14:07 / 2023-08-07

Беларусда бўлиб ўтаётган II МДҲ спорт ўйинлари доирасидаги расмий тадбирлар дастурига мувофиқ, мазкур нуфузли спорт байрамининг етакчи уч жамоаси Беларусь, Россия ва Ўзбекистон делегациялари раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан кечган ушбу очиқ, дўстона мулоқотни Беларусь спорт ва туризм вазири Сергей Ковальчук очиб берди.

– Спортнинг асосий вазифаси одамларни бирлаштириш, – дея оддий сўзлар билан ифодалашга ҳаракат қилди фикрини мезбон мулозим. – Афсуски, кимлардир спортни сиёсийлаштиришга уринмоқда. Бизнинг мамлакатимиз эшиклари эса ҳамма учун очиқ ва биз ҳар қандай ҳамкорликка тайёрмиз.

Россия спорт вазири Олег Матицин, ўз навбатида, журналистлар эътиборини бир муҳим ҳолатга қаратди.

– Бугунги кўп қутбли дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар кўпгина соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спорт ҳамжамиятидан ҳам ўзига хос ечимлар топиш, бошқача айтганда, ҳамкорликнинг анъанавий шаклларидан воз кечишни тақозо этмоқда, – дейди у. – Асосий мақсад спортни ривожлантириш экан, биз ҳеч қачон ушбу тизимни ҳеч бир муайян ёндош тизимга қарши қаратмаймиз. Бинобарин, ҳамжамиятимизда янгича – очиқ, шаффоф, дўстона шериклик шаклини ривожлантириш учун тажриба ҳам, имконият ҳам, ресурс, восита ва омиллар ҳам етарли.

Ўзбекистон делегацияси номидан мамлакатимиз ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов сўз олиб, одатдагидек, бир неча аниқ, истиқболли таклифлар билдирди. Жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўйинларини ташкил этиш ташаббуси барча ҳамкасбларимиз диққат-эътиборини тортди.

– Менимча, спорт кун тартиби айни кунда жуда ранг-баранг ва бой, – деди Адҳам Илҳомович. – Шу билан бирга бугунги ўзгарувчан оламда соҳамиз ривожи бир жойда муқим туриб қолиши мумкин эмас. Демак, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш мақсадида собит эканмиз, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги формати билан чекланиб қолиш ярамайди.

Вазиримиз хорижлик журналистлар саволларига жавоб бераркан, ШҲТ билан бир қаторда, БРИКС, Туркий давлатлар ташкилоти каби самарадор ҳамкорлик форматларини ҳам соҳа ривожи учун хизмат қиладиган лойиҳаларга фаол жалб қилиш режаларига тўхталди. Мамлакатимизнинг бу борадаги илғор тажрибаси, ташаббуслари хусусида батафсил маълумот берди.

<iframe width="887" height="499" src="https://www.youtube.com/embed/HaIJ3-3d-Mg" title="Минскда спорт вазирлари матбуот анжумани ташкил этилди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (фото, видео), ЎзА