Алоқа соҳасидаги ҳудудий ҳамдўстлик (ASHH) 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, фаолиятнинг асосий мақсади МДҲ давлатлари ўртасида АКТ соҳасида ҳамкорликни мувофиқлаштиришга қаратилган.
ASHH Кенгашининг 2022 йил 25 октябрдаги қарорига асосан, рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматов ASHH Кенгаши раиси этиб сайланган.
Минск шаҳрида ASHH Алоқа маъмуриятлари раҳбарлари кенгашининг 60-йиғилиши ва МДҲга аъзо давлатларнинг ASHH ҳузуридаги ахборотлаштириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашининг 30-қўшма йиғилиши ташкил этилди.
Мазкур йиғилишни ASHH Бошқарув кенгаши раиси, рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов олиб борди.

Тадбирда рақамли ривожланиш соҳасидаги истиқболли йўналишлар, рақамли кодексни ишлаб чиқиш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солишнинг долзарб муаммоларига ечимлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, рақамли ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, 2035 йилгача бўлган даврда МДҲга аъзо давлатларнинг ахборот жамиятини қуриш ва ривожлантириш бўйича ҳамкорлик стратегияси ва 2035 йилгача бўлган даврда уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурини тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, сунъий интеллект ва бошқа долзарб йўналишлар бўйича ҳамкорликни кучайтириш ва янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА