Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Минораи Калоннинг салобати сири нимада?
11:59 / 2024-03-08

Тарихий обидаларимиз

Минораи Калон шунчаки тошдан бунёд этилган обида эмас, у мўйсафид, донишманд кўҳна ва боқий Бухоронинг рамзи. Ёғийларга бўйин эгмаган, босқинчиларга тобе бўлмаган, ҳамиша юксакликни кўзлаб, абадийликка бўйлайдиган халқимизнинг тимсолидир. 

Бугун ушбу тимсол, шу билан бирга қадим шаҳардаги юзлаб иншоотлар қурилиши сирлари ҳали ҳам ўрганилмаган катта тарих. Минг йилга яқин ўз савлатини йўқотмаётган иморатларнинг бино бўлишида қандай ўзига хослик бўлган? 

Сомонийлар мақбараси 10 асрдан бери асл ҳолатини йўқотган эмас. Унга қарийб тенгдош Минораи Калон ҳам қанчадан қанча зилзилалар, табиий офатларга рўбарў келди. Аммо уларда сақланиб турган салобатнинг сабаби нимада?

–Ҳам горизонтал, ҳам вертикал ер тебраниши бўлади, –дейди архитектор Туйғун Бобоев. –Ер тебранишнинг амплитудасини пасайтириш. Бу қандай амалга оширилади? 16 асрдаги иморатларни ўрганганимизда фундамент устига қамишлар ётқизилган. Оддий қамишни ҳам шундай келтириб ишлатиб бўлмас экан. Уни ҳам пишиб, етилгандан кейин олинади. Кейин қамишнинг турлари бор. Кейин қандай қилиб жойлаштирилиши, қамиш нафақат ерқимирлаши учун эмас, зилзила бардошлиги учун эмас, гидроизолацияни сақлаш, яъни намнинг юқори деворларга чиқмаслигининг ҳам олдини олади, заҳни сақлайди. Япониядан келган мутахассислар тарихий биноларимизнинг зилзила бардошлигини ўрганганида жуда ҳайрон қолганди. Улар ота -боболаримиз ишлатган мана шундай қурилиш материалларини синчиклаб ўрганди ва тасдиқлади. Энг яхшиси, пишган қамиш бўлса, у минг йилда ҳам чиримас экан. 

Дунёдаги мўъжизалардан бири Бухородаги Минораи Калон. 1127 йилда Усто Бақо томонидан қурилган бу иншоотни қуришда сув ўрнида туянинг сути, тухумнинг оқидан фойдаланган, дейишади. Шунингдек, унинг архитектураси ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. 

– Эксперт мутахассислар билан Миноранинг қурилишини ўргандик, –дейди архитектор Туйғун Бобоев. –Ўрганиш жараёнида бир нарсага амин бўлдик. Яъни конструктив тузилиши шундай мукаммал ўйланганки, ер қимирлаганда амплитудаси ҳали талофатларга дуч келмаган. Пойдевори икки метрлик қатламлари билан 14 метрлик пойдевори бор. 

Аждодларимиздан нафақат ўрганиш, балки бугунги бинокорлик ишларимизга ҳам уларни кенг тадбиқ қилиш лозим. Шунда фан-техника ютуқлари қатори юксак тафаккурга асосланган бу услублар қад ростлаётган иншоотларимизнинг ҳам кейинги авлодларга мерос қолишида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари