Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 31 мартдаги “Ветеринария ва чорвачилик сохасида кадрлар тайёрлашни тубдан ислоҳ қилиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ветеринария, чорвачилик ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида малакали кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, ветеринария таълимини жаҳон стандартлари даражасида ташкил этиш бўйича чора-табдирлар режаси ишлаб чиқилган.
Ушбу режага асосан университет бир қатор хорижий нуфузли олий таълим муассасалари, компания ва ташкилотлар билан таълим, илм-фан ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликда лойиҳалар амалга ошириб келмоқда. Шундай лойиҳалардан бири Америка Қўшма Штатларининг Миннесота университети билан ҳамкорликдаги “Твиннинг дастури” лойиҳасидир.
Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистонда ветеринария таълимини Жаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилоти (ЖҲСТ) талаблари асосида ташкил этиш, “Ветеринария медицинаси” таълим йўналиши бўйича фан дастурларини такомиллаштириш ҳамда профессор-ўқитувчилар малакасини оширишни таъминлашдан иборат. Лойиҳа бўйича хорижий ҳамкоримиз Миннесота университети қошидаги Ҳайвонлар саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги маркази ҳисобланиб, ушбу марказ ЖҲСТнинг буюртмаси асосида ривожланаётган давлатларда ветеринария таълимини халқаро талаблар даражасида ташкил этиш ҳамда профессор-ўқитувчиларининг малакасини оширишга ёрдам бериб келади.
Лойиҳа ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ташаббуси билан 2021 йилда бошланган бўлиб, дастлаб марказ директори ўринбосари Мария Сол Перез ҳамда таълим бўйича мутахассис Кетрин Обрайн университетга келиб, “Ветеринария медицинаси” таълим йўналиши бўйича ўқитишнинг ҳолати, тасдиқланган меъёрий ҳужжатлар ҳамда талабалар билимини баҳолаш тизими билан танишганди.
Шундан сўнг қўмита ва университет профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, хорижий ҳамкорларнинг таклифлари асосида ветеринария таълими бўйича амалдаги 4 йиллик ўқиш муддати жаҳон ветеринария таълими талабларига кўра, 5 йиллик муддатга узайтирилди.
Шунингдек, АҚШ ветеринария таълими ассоциацияси (AVMA), Европа ветеринария муассасалари ассоциацияси (EAEVE) талаблари ҳамда бошқа нуфузли хорижий ветеринария университетлари тажрибалари асосида “Ветеринария медицинаси” таълим йўналишининг янги, такомиллаштирилган 5 йилликка мўлжалланган ўқув режаси ишлаб чиқилди ҳамда 2022 йилдан бошлаб таълим жараёнига татбиқ этилди.
Хўш, бу бизга нима беради?
Биринчидан, хориж андозаларига мос, рақобатбардош мутахассислар тайёрланади.Иккинчидан, меҳнат бозори талаблари асосида кадрлар тайёрлаш имконияти яратилади.
Учинчидан, амалиётга асосланган ветеринария таълими асосида таълим сифати яхшиланади.Тўртинчидан, талабаларнинг эркин халқаро академик мобиллиги амалга оширилади. Бешинчидан, битирувчилар дипломи халқаро ташкилотлар томонидан тан олинишига эришилади. Олтинчидан, битирувчиларнинг хорижий давлатлардa эркин ишга жойлашиш имконияти яратилади.
Лойиҳанинг кейинги босқичида университетимизнинг “Ветеринария медицинаси” таълим йўналиши талабаларига дарс берадиган профессор-ўқитувчилардан 20 нафари сараланиб, улар учун Миннесота университетининг малакали мутахассислари томонидан уч ойлик онлайн дарслар ташкил этилди ҳамда ушбу курс якунида иштирокчилар Миннесота университетининг сертификатига эга бўлди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида 2022 йил январь ойида қўмита ва университет вакилларидан иборат 10 кишилик делегация, 2023 йилнинг март ойидан июнь ойигача 1 нафар ўқитувчи, 2023 йилнинг октябрь ойида 8 кишилик делегация Миннесота унверситетида хизмат сафарида бўлди. Хизмат сафари давомида вакилларимиз Миннесота университетида таълим жараёнини ташкил этиш ва бошқариш, талабаларга яратилган имкониятлар, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграцияси ҳамда кафедра ва лабораторияларда ўтиладиган дарс жараёнлари билан танишдилар.
Ташриф давомида Миннесота университети ва университетимиз ўртасида 5 йиллик ҳамкорликка мўлжалланган ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Унда ҳамкорликда талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини ташкил этиш, қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Бугунги кунда лойиҳа доирасида ҳамкорликда битирувчиларнинг мутахассисликка оид билим, малака ва кўникмаларини баҳолаш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, ушбу дастур бўйича университет профессор-ўқитувчиларининг онлайн сўровномада иштирок этиши таъминланди.
Яқин кунларда Самарқандга Миннесота университети вакилларининг ташрифи кутилмоқда. Бунда фанлар бўйича такомиллаштирилган ўқув дастурлари, ўқув материаллари ва тарқатма материаллари билан танишиш, уларни баҳолаш ҳамда лойиҳанинг давомини амалга ошириш бўйича фикрлашиб олиш кўзда тутилган.
Худойназар Юнусов,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси,
чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори.
ЎзА