English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миннатдорлик: олимлари эъзозланган, қадрланган юртда юксалиш бўлади
23:04 / 2022-05-02

Мамлакатимизда марҳумлар хотираси, уларнинг эзгу амаллари доимо эсланади, қадрланади. Самарқанд давлат университети профессори, марҳум академик Ботирхон Валихўжаевнинг илм-маърифат чироғи ҳамон ёниб турибди. Шогирдлари илмий-ижодий ишларида домла барҳаёт.

- Инсон хотираси азиз. Олимлар эъзозланган, қадрланган юртда юксалиш бўлади. Муборак ва муқаддас Рамазон ойида бир хушхабарни эшитиб, бошим кўкка етди. Турмуш ўртоғим, раҳматли Ботирхон Валихўжаевнинг 90 йиллик юбилейини нишонлаш тўғрисида ҳукумат қарори эълон қилинибди. Бу оиламиз, домла бир умр ишлаган Самарқанд давлат университети жамоаси учун улкан шарафдир. Домла билан ярим аср давомида бирга яшадик. 2005 йилда вафот этди. Ўн етти йилдирки, у киши билан қалбан, руҳан биргамиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқандда вилоятида ишлаган кезларда домла билан маслаҳатлашар, суҳбат қурар, жуда ҳурмат қиларди. Ҳаётлик вақтларида кўп ғамхўрликлар кўрдик. Энг муҳими, бу эътибор домла дунёдан ўтганидан кейин ҳам давом этмоқда. Маънавий ва моддий кўмак учун Президент Мирзиёевга чексиз миннатдорлик билдираман.

Бир воқеани эслагим келди. 2017 йилда Самарқанд шаҳрида трамвай йўлининг очилиш тадбирига мени ҳам таклиф қилишди. Маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашдим. Ушбу мулоқот давомида ҳам мамлакатимиз раҳбари домлани эслади. Оиламиз, яшаш шароитимиз билан қизиқди. Эртаси куни вилоят мутасаддилари Президент совғаси бўлган машинани менга топширишди. Мана инсон қадри, марҳум зиёли олимнинг оиласига ҳурмат. Қолаверса, Президентимиз топшириғига биноан вилоят ва шаҳар ҳокимлари менинг ва фарзандларим ҳолидан доимо хабардор бўлиб туришади, домлани хотирлаб келишади. Бунинг учун миннатдорман.

Бугунги кунда фаолият юритаётган Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов раҳбарлигидаги университет жамоасига ҳам ташаккур билдираман, - дейди  Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, «Буюк хизматлари учун», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари соҳиби, Самарқанд давлат университети профессори, академик Ботирхон Валихўжаевнинг рафиқаси, меҳнат фахрийси Хадича Вафоева.

Ботирхон Валихўжаев бир умр тадқиқ этган Алишер Навоийнинг мана бу сатрларига бир эътибор беринг:

Бировки қилса олимларга таъзим,

Қилур гўёки пайғамбарга таъзим…

Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати