Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“MiningMetals Uzbekistan-2025”: 15 мамлакатдан 150 дан ортиқ компания ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда
16:28 / 2025-10-28

Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Тоғ-кон иши, металлургия ва металлсозлик - MiningMetals Uzbekistan 2025” 19-халқаро кўргазмаси очилди.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси томонидан ташкил этилган ушбу кўргазмада 15 мамлакатдан 150 дан ортиқ компания иштирок этяпти.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма бош директори Нигора Ҳасанованинг сўзларига кўра, мамлакатимизда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳаси ҳар қандай мамлакат иқтисодий тараққиётининг муҳим таянчларидан бири ҳисобланади. 

– Тоғ-кон иши, металлургия ва металлсозлик халқаро кўргазмаси соҳа равнақида муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли, биз ушбу нуфузли тадбирни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ижроси асосида ташкил этяпмиз. Айтиш керакки, мамлакат саноати ички бозорни турли хомашё ресурслари билан таъминлаш баробарида, экспорт салоҳиятини ошириш ва диверсификация қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида замонавий технологияларни жорий этиш, инновацион ишлаб чиқариш ечимларини қўллаш, экологик барқарорлик ва энергия самарадорлигини таъминлаш каби устувор вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарияти ташаббусларига мувофиқ, ушбу тармоқни модернизация қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда, –деди Н.Ҳасанова.

[gallery-25952]

Германиядаги “SIEMAG TECBERG” компанияси вакиллари ушбу кўргазмада илк бор иштирок этяпти. Компания вакили Алексей Раковнинг сўзларига кўра, тадбирда қатнашиш корхонанинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

– Биз компаниямиз фаолиятини янада кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш ва замонавий техника ечимлари таклиф этиш устида изчил ишлаяпмиз. “SIEMAG TECBERG” бренди жаҳон кончилик саноатида ишончли ҳамкор сифатида танилган. Бугунги кунда биз нафақат Европа, балки Осиё, Африка ва Лотин Америкасида ҳам йирик саноат лойиҳаларини амалга оширяпмиз. Бизнинг концепциямиз оддий: ҳар бир мижозга индивидуал ечим ва тўлиқ техник қўллаб-қувватлаш таклиф қилиш. Шу боис, биз фақат ускуна етказиб берибгина қолмай, балки лойиҳага техник маслаҳат, монтаж ишлари, ўқув-семинарлар ва сервис хизматларини ҳам тақдим этамиз. Компания технологиялар соҳасида инновацияларга катта эътибор қаратади. Бизнинг техник марказимиз Германияда жойлашган. У ерда юқори малакали муҳандисларимиз шахта кўтариш тизимларини янги авлод стандартлари асосида ишлаб чиқмоқда. Бугунги кунда хавфсизлик, энергия тежамкорлик ва ишончлилик бизнинг энг устувор йўналишларимиз ҳисобланади. 

Ўзбекистон кончилик ва саноат инфратузилмасини модернизация қилиш йўлида қадам ташлаётганини кўриб турибмиз. Бу йўналишда улкан салоҳият мавжуд. Агар биз бу ерда ҳамкор топсак ва лойиҳаларни амалга ошириш имкониятига эга бўлсак, албатта, қонуний равишда ўз ваколатхонамиз ёки сервис марказимизни очамиз. Бу ерда узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш ниятимиз бор, – деди А.Раков.

Эслатиб ўтамиз, кўргазма ўз ишини 30 октябрь куни якунлайди.

Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА