Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мини-футбол бўйича “Ўзбекистон Нотариал палатаси кубоги” турнирининг финал босқичи ўтказилди
15:00 / 2024-03-02

“Нотариуслар соғлом турмуш тарафдори”шиори остида Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси кубоги учун мини-футбол бўйича турнир бу йил тўртинчи бора ўтказилди.

Турнирнинг ҳудудий босқичлари   4 та  - “А”, “В”, “Д”, “С” гуруҳларига бўлинган ҳолда ўтказилиб,  ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган жамоалар – Сурхондарё, Наманган, Хоразм  вилоятлари ҳамда  Тошкент шаҳар нотариуслари жамоалари финалда беллашдилар.

Қуръа ташланди ва финал ўйинларини Хоразм ва Наманган вилояти жамоалари бошлаб беришди. Эслатиб ўтамиз, ўтган йилларда ҳар иккала жамоа финал ўйинлари ғолиби бўлишган. Қизғин ва ҳужумкорона ўтган баҳсларда эришилган 1:1 натижадан сўнг, пенальтилар сериясида Хоразм вилоятилик нотариусларнинг омади келди. 3:2 ҳисоб билан Хоразмлик нотариуслар финалга йўлланмани қўлга киритишди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳамда Сурхондарё вилояти жамоалари ўзаро куч синашдилар. 3:2 ҳисоб билан пойтахтлик нотариуслар финал йўлланмасини қўлга киритди.

Шундан сўнг Сурхондарё ва Наманган вилояти нотариуслари 3-чи ўрин учун беллашдилар.  Ҳисоб 7:2 Наманган вилояти жамоаси учинчи ўрин соҳибига айланди.

Финал ўйинларининг энг қизиғи  Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳар нотариуслари ўртасида бўлиб ўтди. Ушбу икки жамоа ҳам финал ўйинининг икки таймида 2:2 натижага эришдилар. Асосий таймлардан сўнг белгиланган пенальтилар сериясида Хоразм вилояти нотариуслари рақиб дарвозасини икки маротаба ишғол қилишга муваффақ бўлдилар.Тошкент шаҳар нотариуслари икки имкониятни бой бериб, пенальтилар сони бўйича мағлубиятга учрадилар.  4:3 ҳисоб билан Хоразм вилояти нотариусларидан таркиб топган ҳаваскор футболчилар яна Кубок соҳибига айландилар. Ҳаваскор футболчиларни Адлия вазирлиги нотариат, адвокатура ва ҳуқуқий хизматлар бошқармаси бошлиғи Маъсум Ҳотамов, Ўзбекистон Нотариал палатаси раҳбарияти қутладилар.

- Ушбу спорт байрамлари нотариуслар орасида мунтазам ўтказиб келинишидан мақсад, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, нотариуслар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, дўстона муносабатларни кучайтиришдан иборат,- деди тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров.  

Ғолибларга Нотариал палата Кубоги, диплом, медаллар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

ЎзА