French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Минҳожиддин Мирзо: “Танланган асарлар”
10:20 / 2026-01-30

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб

Таниқли шоир, таржимон Минҳожиддин Мирзонинг “Танланган асарлар” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.

“Танланган асарлар”дан шоирнинг турли даврларда ёзилган шеър ва достонлари, таржималари, адабий мақолалари, сафарномалари, публицистик мақолалари ва ҳали эълон қилинмаган янги шеърлари жой олган.

Китобни қўлга оларкансиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, устоз Абдулла Ориповнинг Минҳожиддин Мирзо ҳақидаги “Шеъриятимизнинг яна бир Мирзоси” номли мақоласи билан юзма-юз келасиз. 

– Шеърларида она юрт, ўчмас иймон каби муқаддас тушунчалар ғоят юксак даражада шарафланади. Қадим Андижонда, Бобур ва Чўлпондек зотларни етиштирган заминда туғилиб ўсган шоиримиз хоҳ тарихий, хоҳ замонавий мавзуда ёзмасин, унинг нуқтаи назари яққол кўзга ташланиб туради.

Минҳожиддин Мирзонинг меҳнат фаолияти ҳам  маънавий жабҳаларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган.

Сиз ушбу китобда турли мавзуларда ёзилган пишиқ-пухта шеърий сатрларни ўқийсиз. Шеъриятимиз карвонида Минҳожиддин Мирзодек шоирнинг ўз ўрни ва овози борлигига амин бўласиз, – дея эътироф этади Абдулла Орипов шоирни.

Ватан, номинг шивирлаб, танга гўё жон кирар,

Юзингга юзим боссам, босилар қалб титроғим.

Отамга то қиёмат кўрпа бўлган ўзингсан,

Онамга болиш бўлган, сен, мўътабар тупроғим...

Мутолаа жараёнида Минҳижиддин Мирзо ижодида истиқлол, эрк, озодлик, ҳаёт руҳи қанчалар нозик ва баланд пардаларда акс этганига амин бўласиз. 

Бу диёрни кўклам кезган чоғ,

Гўё дейсан Эрам боғлари.

Жаннат исмин шивирлаб ётар

Қирлардаги қизғалдоқлари...

Минҳожиддин Мирзо “Ватан рангини” кашф қилган шоирлардан. Унинг қуйидаги содда ва самимий сатрларини ўқиркансиз, ундаги ажиб ҳолат, туйғулар қалбингизда ўз сувратини қолдириб кетаётганини ҳис қилиб турасиз:

Укамдай силадим яшил майсани,

Синглимдай суйдим мен қизғалдоқларни.

Отамдай чинорга қараб бўйладим,

Меҳри боғ онамдай кездим боғларни.

 

Тоғларинг кўнглимда тиклади ғурур,

Сувларинг қалбимнинг ювди зангини.

Ҳатто чумолилар тилида шукр,

Мен шундан англадим Ватан рангини...

Китобдаги “Диллар Доғистонда дийдорлашди”, “Сўйласин минг йиллик мўйсафид тарих, Бу дўстлик билганми шубҳа, гумонни...”, “Адабиёт миллий ўзбек ва умумбашарий эзгу ғоялар тажассумидир”, Адабиёт қалбларни, элларни бир-бирига туташтирувчи кўприкдир” номли дилномалар таъсирида  шоир билан ҳамнафас  ажиб лаҳзаларни яшайсиз.

“Танланган асарлар”даги адабий ва публицистик мақолаларнинг ҳар бири алоҳида бир олам.

Минҳожиддин Мирзонинг “Танланган асарлар”ини, албатта, ўқинг.

А.Нарзуллоев, ЎзА