English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мингта маҳаллада тиббий пунктлар ташкил этилиб, аҳоли манзилли скринингдан ўтказилди
09:07 / 2022-06-03

Маълумки, шу йилнинг 18 март санаси мамлакатимиз тиббиёт ходимлари учун тарихий кун сифатида муҳрланди. Боиси, шу куни давлатимиз раҳбари Ўзбекистон тарихида илк бор тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказиб, соҳани тараққий эттириш юзасидан соҳа ходимларининг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларини тинглади. Унда айтилган муаммо ва таклифлар асосида замонавий даволаш амалиётларини татбиқ қилиш, тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, соҳа ходимларининг ойлик-маошларини оширишга қаратилган еттита устувор йўналишни белгилаб берган эди.

Ўтган икки ойлик вақт давомида давлатимиз раҳбари бошчилигида учрашувда белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳамда келгусидаги режалар натижасига бағишланган бир нечта видеоселектор йиғилишлари ўтказилиб, қатор Фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, «Тиббиётда хусусий сектор фаолиятига қўшимча қулайликлар яратиш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармонлари ҳамда «Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари шулар жумласидандир.

Куни кеча эса, давлатимиз раҳбари ҳузурида соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазифалар ижроси ҳамда келгусидаги режаларни кўриб чиқишга қаратилган навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда қайт этилганидек, йил бошидан буён жойларда 85 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар очилиши натижасида 700 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизматлар яқинлашгани таъкидланди. Шунингдек, ҳудудларда хирургия йўналишида қўшимча 27 турдаги, эндокринологияда 7 турдаги, кардиологияда 14 турдаги юқори технологик амалиётлар жорий қилинди.

Давлат суғурта жамғармаси томонидан 25 минг нафардан зиёд эҳтиёжманд аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида 87 минг нафар аҳоли манзилли тиббий кўрикдан ўтказилди. 2022 йил 1 июндан бошлаб тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 30 фоизгача оширилди.

Шу билан бирга, тиббий хизматни сифатини оширган ҳолда аҳолига янада яқинлаштириш, бунинг учун аввало соҳада бошқарув ва моддий шароитларни яхшилаш, даволаш протоколларини ўзгартириш, тиббиёт ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш борасида ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар мавжудлиги айтиб ўтилди.

Хусусан, бирламчи бўғинга эътибор қаратиб, жорий йил якунигача яна 51 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларни ишга тушириш, мингта маҳаллада тиббий пунктлар ташкил қилиш, аҳолини манзилли скринингдан ўтказиш вазифалари белгиланди.

Ҳудудий шифохоналарда юқори технологик амалиётлар турини 250 тага етказиш, бунинг учун улардаги тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, янги имтиёзли даволаш тизимини тўлиқ жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Албатта, бу каби ўзгаришлардан кўзланган ягона мақсад фуқароларда учраётган касалликларни барвақт аниқлаб, ўз вақтида даволаш чораларини кўришдир. Бу эса минглаб оилаларга касаллик муддати ўтиб кетиб, келгусида сарсон-саргардон бўлмасдан ўз ҳудудида малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкони беради.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари соҳани рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, бугунги кунда рақамлаштириш давр талаби эканлигини ҳисобга олиниб, тиббиёт муассасаларининг бу борадаги инфратузилмасини янгилаш, ҳудудлардаги шифохоналарни компьютерлар билан тўлақонли таъминлаш, локал тармоққа улаш ишлари бошлаб юборилганини қайт этиб ўтди. Шу боис ҳозирги кунда халқаро стандартлар асосида ягона классификатор, реестр ва маълумот алмашинуви дастури ишлаб чиқилмоқда.

Шу йил 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.

Унга мувофиқ, 191 та туман ва шаҳар марказий шифохоналарида болалар реанимация бўлимлари, 208 та кўп тармоқли поликлиника ҳамда Тошкент шаҳридаги 71 та оилавий поликлиникада болалар бўлимлари ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари бундай бўлимларни қолган туманларда ҳам очиш, шу билан бирга, Акушерлик ва гинекология, Аҳоли репродуктив саломатлиги ҳамда Скрининг марказлари фаолиятини ривожлантириш бўйича ҳам зарур бўлган чора-тадбирларни белгилаб берилди.

Якунда эса соҳада кўзланган мақсад ва натижаларга эришда энг аввало, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳар бир йўналишга масъул бўлган ўринбосарининг «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.



Музафара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати