English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Мингчинор”да “Маҳалла сервис” ташкил этилди
12:06 / 2025-05-30

Жиззах вилоятида Президентимизнинг 2024 йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида воҳадаги ҳар бир маҳаллада сервис хизматларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорига кўра, “Маҳалла сервис” компаниялари маҳаллаларда ободонлаштириш, тозалаш, таъмирлаш ва бошқа хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишнинг янги механизмларини жорий қилиш, аҳоли ва коммунал хизмат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда маҳаллалар ҳудудида яшовчи аҳолини маҳалла ободлигига кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этиш вазифаси қўйилган бўлиб, маҳалладаги якка тартибдаги хонадонлар ҳамда ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатиши белгиланган.

Ана шундай хизматлардан бири Пахтакор туманидаги “Мингчинор” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилиб, ушбу “Маҳалла сервис” компанияси учун янгидан бунёд этилган бино фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда туман ҳокимлиги, меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди ва унда сўзга чиққанлар янги сервиснинг бажарадиган ишлари, маҳалла аҳли учун фойдали ва қулай томонлари борасида тўхталиб ўтишди.

Тумандаги “Мингчинор” МФЙ ҳудудида ўз фаолиятини бошлаган, сервис хизматлари кўрсатишга ихтисослашган “Маҳалла сервис” компаниясининг бу янги биноси қурилишига 350 миллион сўм маблағ сарф қилинди.

Компанияга 11 турдаги асбоб-ускуналар ажратилиб, шу маҳаллада истиқомат қилувчи, вақтинча ишсиз бўлган 6 нафар фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланди.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи зикр этилган қорорига кўра, маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда сервис компанияси ўртасида хизмат кўрсатиш шартномасини тузиш тўғридан-тўғри амалга оширилади ва сервис компанияси ҳудуд ободлигини таъминлаш ишларини маҳалла фуқаролар йиғинининг буюртмаси ва назорати асосида амалга ошириши белгилаб қўйилган.

Мазкур “Маҳалла сервис” компанияси 23 турдаги хизмат кўрсатишни ўз ичига олган бўлиб, маҳалланинг буюртмаси асосида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хизматларини бажаради. Ариқлар ва суғориш тизимларини тозалайди, кўчаларнинг тозалигини таъминлайди, кўчатлар экиш, суғориш, парваришлаш каби ишларни амалга оширади. Шу ўринда, ушбу сервис маҳалладаги 997 та якка тартибдаги хонадонга хизмат кўрсатиш ишларини аллақачон бошлаб юборганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. 

Булардан ташқари, компания шартнома асосида ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларига ободонлаштириш ва коммунал эксплуатация хизматлари кўрсатиб, чиқиндиларни йиғиб саралайди, уларнинг чиқинди корхоналари томонидан олиб чиқиб кетилишини ташкил этади ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, бошқа турдаги ижтимоий аҳамиятдаги пуллик хизматлар кўрсатишни ҳам амалга ошириб боради.

Эътиборлиси, маҳалла фуқаролар йиғинининг топшириғига асосан, ҳудуддаги эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга компания томонидан беминнат хизмат кўрсатиш ҳам икки томонлама тузилган шартномада ўз ифодасини топган. 

Мухтасар қилиб айтганда, энди маҳалла раиси ёки “еттилик”нинг бошқа аъзолари ҳали у, ҳали бу ташкилот ёки корхона раҳбари ортидан “Техника бериб туринг”, “Ерни ҳайдаб беринг”, “Чиқиндиларни чиқариб беринг” дея эргашиб юрмайди. Чунки энди маҳалланинг ўз хизмат кўрсатувчи сервиси мавжуд. 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари