Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, тиббиёт ва таълим соҳаси ходимлари, фермерлар, тадбиркорлар, маҳалла фаоллари, ишлаб чиқариш корхонаси ишчилари билан учрашиб, мулоқот қилмоқда.
Қуйи палата депутатлари Шуҳрат Бафоев, Қодир Жўраев, Шерзод Раҳмонов ва Таваккал Чориевлар Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида маҳалла фаоллари, ёшлар етакчилари, тадбиркорлар билан учрашди.
Дастлаб депутатлар туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Раҳмонов билан биргаликда Мингчинор кичик саноат зонаси фаолияти билан танишди. Бу ерда қиймати 192,8 миллиард сўмлик 4 та истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Халқ вакиллари ушбу лойиҳалар ҳолати билан танишиб, кейинги йилларда юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, улар фаолиятини кенгайтириш учун зарур шароитлар яратиш, экспорт қилувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали республикада экспорт ҳажмини ошириш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Парламент қуйи палатаси депутатларининг кейинги манзили Мингчинор ҳудудида фаолият олиб бораётган “Бухоро зарҳал текс” агрокластерига қарашли "Мингчинор чеварлари" МЧЖ бўлди. 70 нафар ишчи ўрнига эга тикув цехида экосумкалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Депутатлар цех фаолиятини кўздан кечирар экан, лойиҳа ташаббускори билан суҳбатда МЧЖ фаолиятига доир ўз таклифларини берди.
Мазкур учрашувлар давомида "Бухоро зарҳал текс"га қарашли ёғ ишлаб чиқариш заводи ҳам кўздан кечирилди. Ўзаро мулоқот чоғида корхонани ишга тушириш ва бу орқали янги иш ўринларини яратишга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.
ЎзА