Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги Дамкўл маҳалласида умргузаронлик қилиб келаётган Каромат ая Йўлдошева табаррук 103 ёшни қарши олди. Ватанимиз истиқлолининг ўттиз икки йиллик байрами арафасида момонинг хонадонида қўшалоқ айём нишонланди.
Боиси, Каромат ая Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов мукофотни эгасига етказиш мақсадида сектор раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида онахоннинг хонадонига борди. Аянинг кўксига давлатимизнинг юксак мукофоти тантанали равишда тақиб қўйилди.
[gallery-13367]
1920 йилда таваллуд топган Каромат ая Йўлдошева 32 йил мобайнида қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб, асосан пахтачиликда бригада бошлиғи сифатида иш олиб борган. Туманда биринчилардан бўлиб, пилла етиштириш сирларини ўзлаштирган ва пиллачиликни ривожлантиришда алоҳида жонбозлик кўрсатган. Ёши улуғларнинг эътирофича, Каромат ая пахтачиликда ҳамиша илғор бригада бошлиқлари сафида юриб, кўплаб совринларни қўлга киритган. Меҳрибонлиги, меҳнатсеварлиги, маслаҳатгўйлиги билан катта ҳурмат қозонган онахон ҳалол ризқ орқасидан етти нафар фарзандни вояга етказди. Ҳозирда 30 набира, 77 чевара ва 25 эвара даврасида ҳаёт гаштини сурмоқда. Нафақат, яқинлари, балки бутун дамкўлликлар ҳамда туман фаоллари, ёшлар таълим-тарбия борасида қимматли маслаҳатлар олиб туришади.
Каромат ая дуога қўл очиб Ватанимиз ривожи ва осуда ҳаёти бардавом бўлиши, халқимизга садоқат билан хизмат қилаётган Президентимизга янада куч-ғайрат ва шижоат сўради. Тадбирда, табаррук аяга байрам совғалари ҳам берилди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.