English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мингбулоқда қайта тикланувчи энергия: Зардарё каналида мини ГЭС ишга туширилди (+видео)
10:06 / 2026-01-23

Сўнги йилларда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қуёш, шамол ва гидроэнергетика йўналишларида аҳоли ва тадбиркорлар учун имтиёзлар, субсидиялар жорий этилди. Шунингдек, аҳоли томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини ҳудудий электр тармоқларига сотиш механизми ҳам йўлга қўйилди. Бу эса қайта тикланувчи энергияга бўлган қизиқишни янада оширмоқда.

Ана шундай ижобий ўзгаришлар натижасида Наманган вилояти Мингбулоқ туманида тадбиркорлар ташаббуси билан Зардарё каналига мини гидроэлектростанция (мини ГЭС) ўрнатилди. Ушбу иншоот соатига 30 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, маҳаллий эҳтиёжларни қондиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумотларга кўра, мини ГЭС Эрон Ислом Республикасидан келтирилган бўлиб, уни ўрнатиш ишлари эронлик мутахассислар иштирокида амалга оширилган. Лойиҳа замонавий ва ихчам технологияларга асосланган бўлиб, канал оқимидан самарали фойдаланиш имконини беради.

ГЭС ўрнатган корхона мутахассиси Муҳаммадсолиҳ Аҳмадалиевнинг таъкидлашича, ушбу ғоя Эронда кичик гидроэлектростанциялар фаолияти билан танишиш жараёнида пайдо бўлган.

“Эронда шундай мини ГЭСлар орқали арзон ва узлуксиз электр энергияси олинаётганини кўриб, Мингбулоқдаги Зардарё каналида ҳам шундай лойиҳани амалга оширишга қарор қилдик”, — дейди у.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, мини ГЭС экологик тоза, деярли харажатсиз электр энергияси манбаи ҳисобланади. Канал оқими мавжуд экан, у узлуксиз равишда энергия ишлаб чиқаради ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатмайди.

Бу каби лойиҳалар ҳудудларда энергия таъминотини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда қайта тикланувчи энергия улушини оширишга хизмат қилади. Мингбулоқ туманида ишга туширилган ушбу мини ГЭС эса келгусида бошқа ҳудудлар учун ҳам намунавий тажриба бўлиши кутилмоқда.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/68qVE6U3fz0?si=OnD1Mh4urXDiejVQ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Тоҳир Турсунов, ЎзА