Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мингбулоқда баҳорги юмушларнинг бориши ўрганилди
10:39 / 2024-05-06

ФОТОРЕПОРТАЖ

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Мингбулоқ туманида баҳорги юмушларнинг боришини ўрганди.

Дастлаб марказий МТПда қишлоқ хўжалиги техникаларини мавсумга тайёргарлиги кўздан кечирилди.  

Туманда ҳозирда 9141 гектар майдонда ғалла парваришланаётган бўлиб, жорий йилги ғалла ўрим-йиғим мавсумига 51 та юқори унумли ғалла ўриш комбайни ва бошқа агрегатлар тайёрланмоқда.  

Вилоят раҳбари таъмирлаш жараёнлари билан танишиб, механизатор ва чилангарларга муносиб меҳнат шароити яратиш масаласига эътибор қаратди.  

[gallery-17279]

Ўрганиш давомида туманнинг “Истиқбол”  ММТП ҳудудидаги “Пирматов Нурмамат” фермер хўжалигида ғўза майдонларини культивация, касалликларга қарши курашиш ва ерни чуқур юмшатиш ишлари кўздан кечирилди.

Вилоят раҳбари фермерлар билан суҳбатлашиб, техника кучидан самарали фойдаланиш баробарида уруғ униб чиқмаган ола жойларни тўлдириш,  яганалаш борасида кўрсатмалар берди.  

Ишчи гуруҳ “Истиқбол” ММТП ҳудудидаги “Шаҳбоз Азимжонович” фермер хўжалигида ҳам бўлиб, далани бегона ўт босгани, ғўзани яганалаш кечикаётгани билдириб, фермерга бу борада топшириқлар берди.  

Вилоят раҳбари туманда пиллакорлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратди.  

Уюрчи Дамкўл маҳалласи, Мирзаобод кўчасида истиқомат қилувчи Нозимжон Қурбонов хонадонида айни жараён билан танишилди.  

Ҳар йили 1 қути ипак қурти  парваришлаб, ўртача 85-100 килограмм  атрофида сифатли саноат хомашёси етиштираётган оила томорқадан ҳам самарали фойдаланмоқда.  

– Меҳнат қилиб, асло кам бўлганимиз йўқ, - дейди  хонадон бекаси Одина Қурбонова. – Пилла мавсумида 25 кунда 5 миллион сўмдан ортиқ даромад оламан.  Шу билан бирга, иш стажим ҳам ёзилади.  

 

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА