ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Мингбулоқ тумани пахтакорлари вилоятда биринчилардан бўлиб давлатга пахта сотиш шартнома режасини ортиғи билан бажарди. Жорий мавсумда 47 минг 743 тонна “оқ олтин” етиштиришни мақсад қилган туманнинг 315 фермер хўжалиги қабул пунктларига 47 минг 895 тоннадан зиёд пахта етказиб берди.
Бу ғалаба меҳнат майдонидаги ҳақиқий зафар. Боиси, Мингбулоқнинг захлик ерларида ҳар бир терилган пахта ортида деҳқоннинг тиришқоқ қўли, сабри ва меҳри бор. Табиат синовларига қарамасдан, фермерларимиз қадам-бақадам, изчил меҳнат билан ана шу улкан натижага эришди.
Энг муҳими, бу йилги терим мавсумида 40 дан ортиқ замонавий пахта териш комбайни фаол иштирок этди. Бу нафақат меҳнат унумдорлигини оширди, балки қишлоқ хўжалигида рақамли ёндашув ва механизациянинг янги босқичи бошланганини ҳам яққол намоён этди.
[gallery-25810]
Ғалабада тумандаги “Бахтиёр Абдусаломович” фермер хўжалигининг ҳам хиссаси улкан. Хўжалик раҳбари Бахтиёр Қодиров фидойилиги, самарали фаолияти, шижоати 2016 йилда “Дўстлик” орденига муносиб кўрилган. Шунингдек, у “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган механизатор”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор” унвонлари билан ҳам тақдирланган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА