Мингбулоқнинг нефть булоқлари яна “кўз очди”
Истиқлолнинг илк йилларида Мингбулоқ тумани ҳудудида нефть кони топилгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.
Истиқлолнинг илк йилларида Мингбулоқ тумани ҳудудида нефть кони топилгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ўша кунлари оммавий ахборот воситаларининг асосий мавзуси ҳам кон кўзидан кўкка отилаётган “қора олтин” эди. Эндигина мустақилликка эришган, қийинчиликларни енгиб ўтишга чоғланаётган юртдошларимиз учун бу воқеа ростмана хурсандчилик эди, дея ёзади “Qishloq hayoti” газетаси.
Орадан бироз вақт ўтиб, озодликка чиққан жин қайтиб хумига тушиб кетгани каби нефть ҳам ғойиб бўлди. Одамларнинг ҳафсаласи пир бўлди. “Нефть қочиб кетибди, энди бошқа давлатнинг ҳудудидан чиқар экан”, қабилидаги “узунқулоқ” миш-мишлар урчигандан урчиди.
Аслида Мингбулоқ нефть кони ўтган асрнинг 60 йилларида Фарғона геофизика экспедицияси томонидан амалга оширилган тадқиқотларда маълум бўлган. Бу ҳақда нефтгаз соҳасининг еткук олими, профессор Акбар Раҳимов “Ўзбекистон нефть-газ кончилари қиссаси” китобида шундай ёзади: “Мингбулоқ майдонида геофизика ишлари 1965-1968 йилларда Фарғона геофизика экспедицияси томонидан амалга оширилган. Геофизика усули билан белгиланган ер ости дўнглигида (антиклинал) нефтнинг бор-йўқлиги чуқур скважиналар ёрдамида аниқланиши мумкин. Лекин, пармалаш иншооти жуда қиммат бўлганлиги сабабли, рухсат олиш жиддий муаммо бўлган. Собиқ иттифоқ даврида ҳар бир чуқур қидирув скважинаси учун СССР нефть саноати вазирлиги ёки Геология вазирлигининг рухсатини олиш лозим эди.
Мингбулоқ майдонида нефть кони борлигига қатъий ишонч ҳосил қилган геолог-олимларимиздан Акром Хўжаев, Пўлат Азимов, Акром Ҳожиматов ва бошқалар Москвадаги вазирликлар олдига Мингбулоқ майдонида қидирув скважиналарини пармалаш ишларини бошлаш масаласини қўйдилар ва унга рухсат олдилар. Ниҳоят, 1971 йилнинг январь ойида 1-скважинани пармалаш бошланди. Уни пармалаш тўрт ярим йил давом этиб, катта қийинчиликлар билан 5405 метр чуқурликкача етиб борилди. Афсуски, бу скважина шикастланиб, пармалаш ишлари тўхтатиб қўйилди. Мўлжалланган қатламларгача етиб борилмади. 1977 йилга келиб 2-скважина пармалана бошланди. Унинг чуқурлиги 5100 метрга етганда эса, геологик сабаб¬ларга кўра, пармалаш ишлари тўхтатилди. Шуни айтиш керакки, биринчидан, мавжуд дастгоҳ ва асбоб-ускуналарнинг чуқур скважиналарни пармалашга мослашмаганлиги, иккинчидан, майдон геологик тузилишининг яхши ўрганилмаганлиги, учинчидан, лойиҳада нуқсонларга йўл қўйилганлиги бундай муваффақиятсизликларга сабаб бўлган эди.”
Маълумотларга кўра, Мингбулоқ конини очиш учун уринишлар тўхтамаган. 1992 йилнинг 2 март куни бурғулаш қудуғининг чуқурлиги 5237 метрга етганда нефть оқиб чиқа бошлаган. “Оғзига ўрнатилган 700 атмосфера босимга мўлжалланган превентор ёпилганда, босим зўрлигидан ёрилиб кетди. Шундан кейин мисли кўрилмаган “нефть фонтани” отилди. Аммо барча ҳаракатлар омадсизлик билан якунланди”, дея эслайди Акбар Раҳимов. Гарчи шундай бўлса-да, бу ҳудудда нефть конини топиш ишлари ташлаб қўйилмади. Ўтган йиллар мобайнида тинимсиз экспедиция ва бурғулаш ишлари олиб борилди.
Орадан йиллар ўтиб, ижтимоий тармоқларда Мингбулоқ туманида яна йирик нефть кони топилганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Маълумотларга кўра, ҳақиқатан геология-қидирув мутахассислари томонидан “Мингбулоқ” нефть кони ҳудудида ернинг 6 минг метр чуқурлигида катта ҳажмдаги нефть кони борлиги аниқланган. Ушбу конда Ўзбекистон ва Хитой давлатининг етакчи мутахассислари томонидан қазилма ишлари жадаллик билан олиб борилди. Олиб борилган бурғулаш ишлари ижобий якун топди. Жорий йилнинг 6 май куни илк “қора олтин” синов тариқасида қазиб олинди. Лойиҳа “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти, “Мингбулоқнефть қўшма корхонаси” масъулияти чекланган жамияти ва Хитой миллий нефть-газ корпорацияси – CNPC томонидан амалга оширилмоқда. Ушбу кондан 1,5 миллион тонна нефть қазиб олиш кўзда тутилган.
Анвар ҲАҚБЕРДИЕВ,
Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ