Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Минерал ўғитлар савдоси ҳажми 2024 йилга нисбатан 217,6 минг тоннага ошди
15:59 / 2026-02-03

Қишлоқ хўжалиги ва ерга самарали ишлов беришда минерал ўғитлар муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда ҳар йили турли турдаги азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар ишлаб чиқарилиб, фермерлар ва хўжаликлар талабини қондиришга йўналтирилади.

Биржа савдолари асосида бу маҳсулотларнинг сотув ҳажми ва талаб динамикаси қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳолатни баҳолашда муҳим кўрсаткич ҳисобланади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, 2025 йилда биржа савдолари орқали минерал ўғитлар савдоси ҳажми сезиларли даражада ошган. Жорий йилда биржа савдолари бўйича жами соф ҳолда 1 010,0 минг тонна минерал ўғит сотилган.

Сотув ҳажми таркибига назар ташланадиган бўлса, умумий кўрсаткичнинг 761,0 минг тоннаси азотли ўғитлар ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, 124,7 минг тонна фосфорли ва 124,3 минг тонна калийли ўғитлар биржа савдолари орқали реализация қилинган.

Таққослаш учун айтиш жоизки, 2024 йилда биржа савдоларида жами соф ҳолда 792,4 минг тонна минерал ўғит сотилган бўлиб, шундан 649,2 минг тоннаси азотли, 79,4 минг тоннаси фосфорли ва 63,9 минг тоннаси калийли ўғитларга тўғри келган.

2025 йил кўрсаткичлари эса  2024 йилга нисбатан 217,6 минг тоннага ошган. Биржа савдоларида қайд этилган ушбу натижалар ички бозорда минерал ўғитларга бўлган талаб барқарор эканини, шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги тармоғида ресурсларга эҳтиёж юқори даражада сақланаётганини кўрсатмоқда.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА