Миндонобод массивида уй-жойлар қурилмоқда
Халқимизнинг менталитети бошқача.
Халқимизнинг менталитети бошқача. Ўз уйига эга бўлган одам, Ватан ичра мўъжаз Ватанли бўлган ҳисобланади. Шу сабабли уйи борнинг қалби хотиржам. Оиласи ва фарзандларининг келажагидан кўнгли тўқ бўлади.
Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Фарғона вилоятида ҳам янги уй-жойлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Фарғона тумани кейинги йилларда кўп қаватли, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши бўйича республикамизда етакчи ҳудудлар қаторида эътироф этилади. Бу бежиз эмас, албатта. Миндонобод массивида бошланган бунёдкорлик ишлари натижасида минглаб оилалар ўз уйига эга бўлди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 488 та хонадонга эга 16 та кўп қаватли ва 104 та намунавий лойиҳа асосида қурилган уйлар фойдаланишга топширилди.

Бу йил Миндонобод массивидаги ишлар кўлами янада кенг. Айни кунларда “Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компанияси буюртмаси бўйича ҳудудда 5 та 4 қаватли – 120 хонадонга қувонч улашувчи уйлар қурилиши жадаллик билан олиб бориляпти. Шунингдек, хусусий сектор томонидан 12 та 5 қаватли – 360 хонадондан иборат уйлар қуриляпти.
“Қилич Бунёд” масъулияти чекланган жамиятининг 45 нафар қурувчилари 4 қаватли уйнинг учинчи қаватидаги ишларга киришди. Замонавий техника ва малакали мутахассисларга эга жамоа 4 ва 5 қаватли уйларни сентябрь ойигача якунига етказишни режалаштирмоқда.
– Миндонобод массивидаги мазкур 2 та 4 ва 5 қаватли ҳамда Фарғона шаҳрида 2 та 16 қаватли уйлар қурилиши карантин талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда олиб бориляпти, – дейди жамият иш юритувчиси Қосимжон Абдураҳмонов. – Коронавирус пандемияси шароитида ишсиз аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида 254 та мавсумий иш ўринлари яратилди.
Ферузбек Усмонов ёш бўлса-да, қурилиш соҳасида анча тажрибали. Унинг бошчилигида “Камолхонов Жаҳон” масъулияти чекланган жамиятининг 51 нафар доимий, 20 нафар мавсумий ишчилари Миндонобод массивида 4 ва 5 қаватли уйларни қурмоқда. “Шукрона файз дизайн” корхонаси бунёдкорлари барпо этаётган иккита кўп қаватли уйда ҳам барча юмушлар белгиланган меъёрлар асосида давом этмоқда. Янги уйлар қурилишига корхонанинг 50 нафарга яқин бунёдкорлари жалб этилган.
