Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Милтон” Катрина тўфонидан ҳам вайронкор бўлиши мумкин
20:52 / 2024-10-10

Айни дам жаҳон оммавий ахборот воситалари АҚШ Флорида штатига яқинлашиб келаётган “Милтон” тўфони ҳақида ёзмоқда. Мазкур табиий офат машҳур Катрина тўфонидан ҳам кучли, талофати юқори бўлиши мумкинлиги ҳақида тарқалаётган хабарлар маҳаллий аҳолини ваҳимага сола бошлади. Шу боис, офат кутилаётган ҳудудлардан одамларни хавфсиз жойларга оммавий кўчиришга киришилган. Кучли шамол аҳоли зич жойлашган Тампа кўрфази ҳудудига ёпирилиши эҳтимоли юқорилиги маълум қилинди.

2005 йил 22-30 август кунлари юз берган Катрина тўфони АҚШ тарихидаги энг ҳалокатли ҳодиса сифатида тарихда қолган. Ўшанда табиий офатдан бир ҳафта ичида 1836 киши ҳалок бўлган. Қолаверса, Луизиана штатидаги Янги Орлеан шаҳри, деярли, бутунлай вайрон бўлган. Миллий об-ҳаво хизмати маълумотига кўра, зарар 125 миллиард долларга етган. Бу миқдорнинг 60 миллиарди суғурта компаниялари ҳиссасига тўғри келган.

– Тампа порти Қўшма Штатлардаги энг заиф бандаргоҳлардан бири бўлиб, 1900-йиллар бошидан бери тўфонга учрамаган, – дейди Жанубий Миссисипи университети география кафедраси доценти Дэвид Хольт. – Тампа кўрфазига, ҳатто, учинчи тоифали довул келса ҳам талофат жуда кучли бўлади. Агар “Милтон” 5-тоифа даражасида ҳаракатланса (тўфон қуруқликка етиб боргунча 3-тоифага тушиши кутиляпти), замонавий тарихда ҳеч қачон содир бўлмаган вайронагарчиликка гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Стоун-Брук университети Денгиз ва атмосфера фанлари факультети профессори Кевин Рид таъкидлашича, инсонлар кўрадиган зарар нафақат стандарт тоифа шкаласи билан ўлчанади, балки қайси ҳудудларга зарар етиши билан ҳам белгиланади.

– Масалан, “Милтон” Флориданинг аҳоли зич ҳудудига ёпирилиши, одамлар камроқ яшайдиган ҳудудга ҳужумидан кўра кўпроқ зарар келтиради, – дейди Рид.

АҚШ Президенти Жо Байден 7 октябрь куни “Милтон” тўфони Флорида штатига яқинлашиб келаётгани сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳақидаги фармонни имзолади ва маҳаллий ҳокимиятларга федерал ёрдам кўрсатишни буюрди.

Маҳаллий аҳоли ваҳима билан кутаётган “Милтон” тўфони мутахассислар тахминига кўра, Флориданинг ғарбий қирғоғи, жумладан аҳоли зич жойлашган Тампа кўрфази ҳудудига баландлиги 3 метрдан ошадиган ҳалокатли тўлқинни олиб келиши мумкин.

С.Раҳимов, ЎзА