Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллийлик ёшларимизнинг кўркига айлансин
15:08 / 2022-02-28

Андижон шаҳар педагогика коллежида "Яшаш – бахт, ҳаёт – олий неъмат" деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Унда маънавият тарғиботчилари, вилоятдаги профессионал таълим муассасалари психологлари, ўқувчилар иштирок этди.

Миллий анъана, қадрият ва либосларимизни ёшлар ўртасида тарғиб этиш ва таълим муассасаларида ижтимоий-психологик муаммоларни бартараф этиш, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, ютуқ ҳамда муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.  

– Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, юқорида қайд этилган йўналишлардаги ишлар самарадорлигини ошириш, ана шу йўналишда иш олиб бораётган мутахассисларга кўмаклашишдир, – дейди Андижон шаҳар педагогика коллежи директорининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Маҳбубахон Исроилова. – Қолаверса, бу борадаги илғор иш услублари, тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш кўзда тутилган. 

Тадбирда вилоятдаги профессионал таълим муассасаларида ижтимоий-психологик муаммоларни ўрганиш, бартараф этиш борасидаги ишлар таҳлил қилинди. Иштирокчилар томонидан инсонга бир маротаба бериладиган ҳаётда, айниқса, катта ҳаётга қадам қўйиш бўсағасида ёшлар энг аввало, жамиятда, оилада ўз ўринларини топишлари учун тўғри йўл танлаб олишлари муҳимлиги, шунингдек, ёшларнинг маънавияти, кийиниш маданиятини юксалтириш, миллий анъана ва қадриятларни улуғлашга қаратилган тарғибот ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.  

Тадбирда миллий матолардан тикилган замонавий либослар барча ёшдаги ўзбек қиз-аёлларига ярашиши, уларнинг хуснига хусн қўшиши, қолаверса, бу каби либослар халқимиз, айниқса, ёшларимизда миллий қадрият ва миллий либосларимизга бўлган ҳурмат туйғуларини янада юксалтириши таъкидланди.  

– Агар ҳаётни кузатсангиз, миллий урф-одат, анъана ва либосларимизни ҳурмат қиладиган, ўзбекона кийиниб юрадиган опа-сингилларимизнинг аксарияти эл-юртнинг ҳурмат-эътиборини қозонган, жамиятда ўз ўрнини топа олган инсонлар эканликларига гувоҳ бўламиз, – дейди Андижон шаҳар бош отинойиси Азизахон Зияева. – Улар нафақат кийиниши, балки одоб-аҳлоқи, юриш-туриши, кишилар билан ўзаро муносабатда ҳам барчага ибрат бўлади. Бугунги ёшларимиз ана шулардан ибрат олиши, миллийлик – ёшларимизнинг кўрки, ҳамма ҳавас қилиб қарайдиган сифатларидан бирига айланиши керак. Тадбирда кийиниш шахсий масала эканлиги, лекин ҳар бир жамиятнинг ёзилган, ёзилмаган қонунлари, одоб-аҳлоқ меъёрлари мавжудлиги, айниқса, қиз-аёлларимиз жамиятнинг вакили сифатида ана шу меъёрларга албатта, амал қилиши, бу ёшлар тарбияси, кийинишда миллий анъаналаримизни асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.  

– Тадбирда иштирок этиб, миллий қадриятларимиз, ўзбекона кийиниш маданияти ҳақида турли фикрлар, тавсияларни эшитдик, – дейди Андижон педагогика коллежи ўқувчиси Мўбина Эргашева. – Ана шу фикр ва тавсиялар биз ёшларнинг миллий қадриятларга ҳурмат назари билан қараш, кийиниш маданияти ҳақидаги тушунчаларимизни янада бойитди. Шунингдек, ёшларни “оммавий маданият” кўринишлари таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, кийинишда хорижликларга тақлид қилиш сингари салбий оқимлардан асраш, бу борада кенг жамоатчилик, ёши улуғ инсонлар таъсирини кучайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.  

Тадбир давомида коллеж ўқувчилари томонидан тайёрланган кўргазма, бадиий чиқишлар, миллий либослар тақдимоти намойиш этилди. 



Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,  
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА