Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллийлик — фақат либос билан чегараланиб қолмаслиги керак
18:02 / 2026-01-24

Бугун миллийлик мавзуси жамият ҳаётида янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

У фақат ташқи кўриниш ёки анъанавий либослар билан чекланиб қолмасдан, инсоннинг дунёқараши, фаолияти ва маънавий қиёфасида ҳам намоён бўлиши лозим. Ана шу ғоя Жиззах вилояти Зомин тумани ахборот-кутубхона марказида “Миллийлик — ғуруримиз” шиори остида ўтказилган тарғибот ишларида ўз ифодасини топди.

Тадбир доирасида ахборот-кутубхона маркази ходимларининг иш жараёнида миллий либосларда фаолият олиб бориши рамзий қадам бўлиши билан бирга, чуқур маъно-мазмун касб этди. Бу ташаббус орқали миллий қадриятларга ҳурмат фақат байрам ёки бир марталик акциялар билан эмас, балки кундалик меҳнат, муносабат ва масъулиятда ҳам намоён бўлиши кераклигига урғу берилди.

Миллий либослар — бу шунчаки мато ёки безаклар мажмуи эмас. Уларда халқимизнинг тарихи, дунёқараши, нафосати ва асрлар давомида шаклланган маънавий тажрибаси мужассам. Бироқ миллийликнинг асл қиймати фақат либосда эмас, балки ана шу меросга бўлган онгли муносабат, уни асраб-авайлаш ва ҳаётга татбиқ этишда намоён бўлади.

Ахборот-кутубхона марказида амалга оширилган мазкур ташаббус ташриф буюрувчилар, айниқса, ёшлар қалбида ўзликка ҳурмат, маънавий меросга садоқат ва ўзлигимиз билан фахрланиш туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса миллийликни ташқи кўринишдан ички мазмунга кўчириш йўлидаги муҳим ва ибратли қадам сифатида аҳамиятлидир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА