English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий журналистика тарихидан сўзловчи кўргазма
16:22 / 2023-06-27

Маданий мерос агентлиги томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси ҳамкорлигида Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Ўзбекистон миллий журналистикаси: тарихи ва тараққиёт босқичлари” деб номланган кўргазма ташкил этилди.

Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдукаримов миллий медиа соҳасини муттасил ривожлантириш Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади.

Мазкур кўргазмани ташкил этишдан асосий мақсад мамлакатимизда миллий медиа соҳасининг тарихи ва тараққиёт босқичларини намойиш этиш, бу соҳанинг маданий жараёнлар билан бевосита боғлиқ эканини кўрсатиб беришдан иборат эди.

Кўплаб экспонатлар намойиш этилаётган ушбу кўргазма босма оммавий ахборот воситалари тарихи ва тараққиёт босқичлари, телевизион журналистика (Ўзбекистонда илк ишга тушган телевидение ва дастурлар тарихи бўйича фотожамланмалар), фахрий журналистлар фотокўргазмаси (юртимиз тарихидаги барча журналистларнинг фотожамланмаси), тасвирга олиш жараёнлари (тарихий аҳамиятга эга бўлган тасвирга олиш ускуналари жамланмалари), Ўрта Осиёда биринчи ўзбек тасвирчиси ва фотосуратчиси Худойберган Девоновнинг кўчма кўргазмаси (Худойберган Девонов фаолияти билан бевосита боғлиқ экспозиция)дан иборатдир.

[gallery-12522]

Маълумки, Ўзбекистон миллий журналистикаси тарихи 150 йиллик тарихга эга. XIX аср охири ва ХХ аср бошига келиб, халқимиз маданий-маърифий ҳаётида катта ўзгаришлар содир бўла бошлади. Вақтли матбуотнинг ривожлана бориши миллатнинг маърифатли вакилларига ўз халқи ҳаётини дунёдаги тараққий этаётган халқлар турмуши билан солиштириш имконини берди.

Мазкур кўргазмада ўзбек тилида чоп этилган илк босма нашрлар, телевидение, радио, фотожурналистика тарихидан сўзловчи қимматли техник ашёлар, архив материаллари, фотосуратлар билан танишиш мумкин.

Мазкур кўргазма шунингдек, мамлакатимизда телевидениенинг иш бошлаши, унинг бугуни, барча турдаги оммавий ахборот воситаларининг тараққиёт йўли билан батафсил таништиришда алоҳида аҳамият касб этади.

Фотожурналистика тарихига қизиқувчилар учун биринчи ўзбек тасвирчиси ва фотосуратчиси Худойберган Девоновнинг ҳаёти, ижод йўли, фаолияти, ишларидан намуналарга оид қимматли маълумотларга эга бўлишлари мумкин.

Умуман, мазкур кўргазма миллий медиа соҳамизнинг тарихи, тараққиёт йўллари, бугунги кунидан сўзлаши билан кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА