Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий валютадаги кредит ставкалари ўсишда давом этмоқда
11:19 / 2026-03-02

Марказий банк маълумотига кўра, миллий валютадаги кредит ставкалари сўнгги уч ой давомида изчил равишда ўсишда давом этмоқда. Жорий йил январь ойида сўмда ажратиладиган кредитлар бўйича ўртача номинал фоиз ставкаси (имтиёзли кредитлар ҳисобга олинган, микрокредит ва кредит карталарисиз) 21,8 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2025 йил февраль ойидан буён энг юқори даража ҳисобланади.

Бир йилгача бўлган кредитлар ўртача 21,6 фоиз ставка билан таклиф этилмоқда. Бу ўтган ойга нисбатан 0,8 фоиз бандга, ўтган йил январь ойига нисбатан эса 1 фоиз бандга юқори. Узоқ муддатли кредитлар бўйича ўртача ставка 21,8 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 0,9 фоиз бандга пасайган.

Жисмоний шахсларга ажратиладиган кредитлар бўйича ўртача ставка 21,2 фоизгача тушди. Бу декабрь ойига нисбатан 0,2 фоиз бандга, йиллик кесимда эса 1,8 фоиз бандга камайган. Қисқа муддатли истеъмол кредитлари 27,2 фоиз (-0,6 фоиз), узоқ муддатли кредитлар эса 21,1 фоиз (-0,2 фоиз) даражада шаклланган.

Шу билан бирга, юридик шахслар учун кредитлар қимматлашиб, ўртача 22,2 фоизга етди. Ойлик ўсиш 0,6 фоиз бандни, йиллик ўсиш эса 0,8 фоиз бандни ташкил этди. Қисқа муддатли корпоратив кредитлар 21,5 фоиз (+0,8%), узоқ муддатлилари эса 22,7 фоиз (+0,5фоиз) даражасида қайд этилди.

Инфляция кутилмаларини ҳисобга олган ҳолда, аҳоли учун ҳақиқий фоиз ставкаси 9 фоизни, бизнес учун эса 10,3 фоизни ташкил қилди. Бир йил ичида ушбу кўрсаткичлар мос равишда 1,5 ва 2,7 фоиз бандга ошган.

Январь ойи якунига кўра, тижорат кредитлари бўйича ўртача ставка 22,8 фоизни ташкил этди. Бу декабрь ойига нисбатан 0,2 фоиз бандга юқори бўлса-да, йиллик ҳисобда 0,3 фоиз бандга пасайиш қайд этилган.

Бозор шартларида аҳолига берилаётган кредитлар 22,1 фоиз (+0,1%), қисқа муддатли кредитлар эса 28,3 фоиз (-0,1%) билан таклиф этилмоқда. Корпоратив сегментда ўртача ставка 23,4 фоиз (+0,3%)ни ташкил этди. Узоқ муддатли корпоратив кредитлар 24 фоизгача (+0,8%) ошган бўлса, қисқа муддатлилари 22,6 фоизгача (-0,1%) пасайган.

Инфляциядан тозаланган ҳолда, аҳоли учун тижорат кредитлари бўйича ҳақиқий ставка 9,8 фоизни ташкил этди (йил давомида +1,6 фоиз банд). Бизнес сегментида эса бу кўрсаткич қарийб 3 фоиз бандга ошиб, 11,3 фоизга етган.

Имтиёзли кредитлар бўйича ўртача ставка 11,6 фоизни ташкил этди. Бир ой ичида 1,4 фоиз бандга, йил давомида эса 0,5 фоиз бандга ўсиш кузатилган. Аҳоли учун имтиёзли кредитлар 11,9 фоиз (+0,5%), бизнес учун эса 11,3 фоиз (+1,5%) даражасида белгиланган.

Имтиёзли кредитлар бўйича ҳақиқий ставкалар сўнгги йиллардаги энг юқори даражага чиқди: аҳолида 0,6 фоиз, юридик шахсларда 0,5 фоиз. Бир ой олдин ушбу кўрсаткичлар мос равишда -0,1 ва -1,1 фоизни, бир йил аввал эса манфий 2 фоизни ташкил этган эди.

Чет эл валютасидаги кредитлар бўйича ўртача ставка 10 фоиз даражасида сақланиб қолди. Бу ўтган йил январь ойига нисбатан 0,2 фоиз бандга паст. Қисқа муддатли валюта кредитлари ўтган октябрдан буён энг паст даражага тушиб, 9,6 фоизни (-0,5 фоиз ойлик, -0,9 фоиз йиллик) ташкил этди. Узоқ муддатли валюта кредитлари эса 10,1 фоизгача (+0,2%) ошган.

Ш.Маматуропова, ЎзА