Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий ва халқаро сертификатлар соҳибларига айланишди
13:27 / 2025-06-09

Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида жойлашган 38-умумтаълим мактаби битирувчилари жорий ўқув йили якунида таълим соҳасида яна бир юксак натижага эришишди. Мактаб ўқувчилари 24 та миллий ва халқаро даражадаги сертификатларга эга бўлишди.

Ушбу сертификатлар, асосан, инглиз тили, она тили, турк тили, математика каби фанлар бўйича топширилган халқаро тест ва имтиҳонлар орқали қўлга киритилди. Бу юқори натижалар мактаб ўқувчиларининг изланувчанлиги, таълимга бўлган қизиқишлари туфайли амалга ошди, шунингдек, дарсдан ташқари тўгаракларда фаол иштирок этиб келаётганини ҳам яққол намоён этди.

Эътиборга лойиқ жиҳат шундаки, бу ютуқлар ёшларимизнинг шахсий меҳнати билан бирга, уларга раҳбарлик қилган, билим ва илҳом бағишлаган устозлар меҳнати самараси ҳамдир. Жумладан, мактабнинг инглиз тили  ўқитувчиси Нигора Бобоева ҳамда она тили ўқитувчиси Шаҳризода Хожимуродова раҳбарлигидаги ўқувчилар халқаро мезонлар асосида юқори балларни тўплаб, муваффақият қозонишди.

– Бугунги кунда хорижий тилларни билиш – ҳар бир ёшнинг интеллектуал салоҳиятини оширишда муҳим омил ҳисобланади, –дейди инглиз тили ўқитувчиси Нигора Бобоева.–  Биз дарсларда замонавий методлардан фойдаланган ҳолда, болаларнинг эшитиш, гапириш, ўқиш ва ёзиш кўникмаларини ҳар томонлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Уларнинг сертификатларга эга бўлиши  нафақат билим самараси, балки ишонч ва ҳаракат натижасидир.

Бундай муваффақиятлар нафақат 38-мактаб, балки бутун Сайхунобод тумани таълим тизими учун фахрли воқеа бўлиб, бу нарса –  ёшларимизнинг интеллектуал салоҳияти ошиб бораётгани, шу билан бирга, мамлакатимизда амалга оширилаётган таълим ислоҳотлари самара бераётганини тасдиқлайди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири