Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий урф-одат ва анъаналаримиз дунё нигоҳида
17:03 / 2021-05-11

Ўзбек миллий анъана ва урф-одатлари, қадриятлари, миллий ўзига хослиги азалдан кўплаб хорижликларни ўзига жалб этиб келади. Муборак Рамазон ойида миллатимизга хос меҳр-оқибат, мурувват каби инсонийлик фазилатлари янада кенг бўй кўрсатмоқда. Бу каби қадрият ва анъаналаримиз хорижий оммавий ахборот воситалари нигоҳини ҳам ўзига жалб этаётгани қувонарли ҳол.

Яқинда Индонезиядаги оммабоп “Сиёсий ахборот агентлиги” (Kantor Berita Politik) сайтида “Ўзбекистондаги Рамазон анъанаси билан танишинг” (Mengenal tradisi Кamadhan di Uzbekistan) дастури намойиш қилинди.

Бир соат давом этган мазкур дастурда Ўзбекистонда моҳи Рамазон анъаналари, оила ва дўстлар даврасида ўтказиладиган ифторлик хусусиятлари, республикадаги миллатлараро дўстлик ва тотувлик, шунингдек, бу йўналишдаги давлат сиёсати ҳақида атрофлича маълумотлар тақдим этилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакат халқининг бой маданий, тарихий ва маънавий мероси, миллий ва диний қадриятларини асраб-авайлаш, Ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш, ўзбек халқининг Хоразмий, Ибн Сино, Имом Бухорий ва бошқа буюк намояндаларининг дунёда ислом цивилизацияси ва илм-фани ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси билан дунё жамоатчилигини таништириш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътиборга сазовор экани эътироф этилди.

Шунингдек, дастур давомида Индонезияда ўзбек меъморлик услуби асосида апрель ойида қуриб фойдаланишга топширилган “Имом Бухорий” жоме масжиди ҳақида ҳам фикр юритилди.

Юртимизга нисбатан бу каби эътибор, қолаверса, халқимизнинг ўзига хос миллий қадрият ва урф-одатларининг эътирофи ҳар биримизга миллий ғурур ва ифтихор бағишлайди.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА