Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий тилимизнинг ички бойиш манбаига бугун қандай муносабатдамиз?
11:15 / 2020-08-15

Бинобарин, ҳозирги ўзбек тили адабий тил ва маҳаллий халқ шевалари ҳисобига бойиб боради.


Ҳар бир миллат ёки халқнинг расмий даражадаги давлат тили мақомига эга тилидан ташқари, ўзига хос асрий анъаналарини давом эттириб келаётган, маданий меросга айланган шевалари ҳам бор. 

Шевалар халқнинг, аҳолининг маълум бир ҳудуд доирасидаги чегараланган сўзлашув услуби бўлибгина қолмай, кишиларнинг асрлар оша нутқий маданиятини шакллантирган омилдир. Бинобарин, ҳозирги ўзбек тили адабий тил ва маҳаллий халқ шевалари ҳисобига бойиб боради.

Адабиётларда илмий жиҳатдан халқ шеваларига «Фақат муайян бир ҳудудга хос айрим белгиларни ўзида намоён қилган тил шакли - маҳаллий шевалар ҳисобланади. Шеванинг фақат оғзаки шакли мавжуд», дея таъриф берилади. Шеваларда янгича сўзларнинг кириб келиши бўлмаса-да, улар адабий тил мазмунининг бойишига хизмат қилади. Ҳар бир ҳудуд доирасидаги шева бир-биридан тубдан фарқ қилади. 

Шунинг учун ҳам ўзбек тилида сўзлашувчи кишиларнинг нутқида ҳудудий тафовутлар кўзга ташланади. Масалан, Тошкент шевасида кетвомман (кетяпман), этворин (айтиб юборинг), боҳор (баҳор), ока (ака), ада (дада), келовуза (келяпмиз), опа (она), дода (бобо) каби сўзлар мунтазам қўлланилади. Ушбу шева водий шевасига яқин дея таъкидланса-да, уларнинг сўзлашув услубидаги айрим сўзлар бир-биридан кескин фарқ қилади. Аҳамиятлиси, Андижон, Фарғона ва Наманган ҳудудларидаги аҳоли ўртасида ҳам шевада умуман бошқа-бошқа сўздан фойдаланиш ҳолатлари мавжуд. Буни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси мисолида ҳам учратамиз.

Самарқанд, Бухоро шеваларида эса сўзлар кўпроқ чўзиш оҳангида талаффуз қилинади,кетопман (кетяпман), нана (она), чакка (қатиқ), биби (буви), айтопти (айтяпти) каби.

Ўзбек тилида шундай бир шева борки, унда сўзловчиларнинг талаффузини тушуниш анчайин мушкул, аммо сўз оҳанги ҳақиқатан кишини сеҳрлайди. Хоразм шевасининг майин ва оҳангга бой товуш тембри шубҳасиз, ҳар бир инсонни ўзига ром этади, гарчанд тушуниш қийинлигига қарамасдан. Галинг (келинг), опо (она), апка (опа), учак (том), така (ёстиқ), гашир (сабзи) каби айнан Хоразм шевасига хос сўзларнинг маъносини билмасдан туриб ҳақиқатан талаффуз қилиш мушкул.

Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари шевалари эса биз юқорида тилга олган шевалардан тубдан фарқ қилади. Мазкур ҳудудлар лаҳжалари бироз дағал ва қўполроқ оҳангга эгалиги билан ажралиб туради. Хусусан, жўл (йўл), ул (ўғил бола), тов (тоғ), эна (она), чиғинг (чиқинг), бачча (бола), бува (бобо) сингари сўзлар фикримизнинг тасдиғидир.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, шеваларни бир-бирига ўхшашлиги, улар ўртасидаги тафовутлар ҳақида фикр юрита туриб, бир нарсани сездим. Буни қарангки, шевалар ҳар бир ҳудуд аҳолисининг характери ва ички дунёсини ифодалар экан. Масалан, Тошкент ва водий аҳолиси ўз шевасига монанд мулойим, вазмин характерга эга. Хоразм шевасидан бу ерлик аҳолининг характеридаги кўтаринкиликни ва бироз юқори кайфиятни сезамиз. 

Самарқанд, Бухоро вилоятларининг шеваси эса шу ерлик аҳолининг чўрткесарлик характерини ифодалагандек гўё. Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари аҳолисининг шевасидан воҳа аҳлининг бироз содда ва далли-ғулли эканликларини пайқаш қийин эмас. Аслида бу ҳам фақат ўзбекларга хос тил ва характер уйғунлигидир. Дунё руҳшунос олимлари инсонларнинг қатор хусусиятларига қараб, уларнинг характер ва қайси темпераментга мансуб эканликларини айтиб беришади. Буни қарангки, ўзбек халқининг шеваларига қараб, ўша ҳудуд аҳолисининг характер иқлимига баҳо бериш мумкин бўлади.

Шевалар адабий тилнинг бойиб боришига хизмат қилар экан, унинг мазмун жиҳатдан кенгайишига ҳам ҳисса қўшиши шубҳасиз. Негаки, шевалар замирида халқнинг сўзлашув маданияти шаклланади, уларнинг нутқий ифодалар бирлиги кенгайиб боради. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, халқ шевалари кишиларга нутқ хазинаси ҳамдир. Бу хазинанинг мазмун жиҳатдан қанчалик бойиши, унинг миллат манфаати, аҳоли сўзлашувининг сермаънолигини таъминлайди. Инчунин, бошқа миллат вакилларининг бу тилга бўлган қизиқишини кучайтиради.

Бугунги дунё лингвистикасида кириб келган «Тил экологияси» (“The Eсology of Language”) атамасининг оммалашишига ҳам сабаб айнан сўзларнинг ҳудуд жиҳатдан ўзаро муносабатларини ўрганиш ҳамда уларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфини камайтиришни назарда тутади. Қисқача қилиб айтганда эса мазкур атама сўзларнинг биохилма-хиллигини сақлаб қолиш билан курашади. Дунё тилшунос олимларининг бу борадаги фикрлари маълум маънода ўзбек тилшунослиги билан уйғунлашади. Юқорида ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, тил маҳаллий шевалар ҳисобига бойиб боради ва бу тилнинг ички бойиш манбаи саналади. Шу ўринда савол туғилади, биз миллий тилимизнинг ички бойиш манбаига бугун қандай муносабатдамиз?

Йўлда юрган одамнинг кўп нарсани кузатиши рост гап. Транспортда ҳар куни ишга қатнайман. Ҳамма ўз юмуши билан. Биров чиқади, яна биров тушади. Шунда аксарият йўловчиларнинг «Фалончи шега тўхтатинг», «Бағдан кетмайсизми?» деган гапларини кўп марта эшитаман. Тўғри, бизнинг шевага хос сўзлардан фойдаланишимиз нутқимизга хос хусусият. Лекин, шевада сўзлар эканман деб ўзбек адабий тилининг мазмундорлигини бузишимиз маданиятдан эмас назаримда. 

Шега, бега эмас шу ерда, бу ерда ёки бағдан, шағдан эмас бу тарафдан, шу тарафдан каби сўзлардан сўзлашувда фойдаланишимиз айни муддао. Минг афсуски, юқоридаги каби сўзларни давом эттиришимиз мумкин: ақа-бақа, аши, ока. Чунки бу каби талаффузда тумтоққа айланган сўзлар амалда маъновий жиҳатдан ўз кучини йўқотиб бормоқда (катта эҳтимол билан буткул йўқотиб ҳам бўлган дейиш мумкин).

Инсоннинг маданий савияси унинг нафақат ўзини тутиши, юриш-туриши билан, балки самимий ширинкаломи ва чиройли сўзлай олиши билан баҳоланади. Шунинг учун ҳам тўлиқ, дона-дона ва равон сўзлайдиган кишиларга ҳамма ҳавас кўзи билан қарайди. Бинобарин, бундай хусусиятга эга инсонда шак-шубҳасиз тилга ҳурмат ва эътибор шаклланган. Ўзини, ўзлигини ҳурмат қилган инсон эса бу масалада анча эҳтиёткордир. Биз туркий тил назмида баралла қалам тебратган, унинг мазмунан бор латофатини дунёга овоза қилган аждодлар авлодимиз. Шундай экан, миллат кўзгусига айланган она тилимизни асраб-авайлайлик.

Феруза АҲМEДОВА, журналист