Андижонда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи аъзолари вилоят Маданий мерос бошқармаси раҳбарининг ҳисоботини эшитди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ва натижадорлигини ошириш, жараёнларнинг адолатли ва шаффофлигини таъминлашда жамиятимизда шаклланган жамоатчилик назорати тизими муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жамоатчилик назоратини самарали йўлга қўйишда фуқаролик жамиятлари институтлари қатори сиёсий партияларнинг алоҳида ўрни бор. Бу борада “Миллий тикланиш” партияси Андижон вилоят кенгаши томонидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
“Миллий тикланиш” демократик партияси Андижон вилояти кенгаши биносида партия депутатлик гуруҳининг навбатдаги эшитуви ана шундай тадбирлардан бири бўлди. Унда Андижон вилояти Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Абдушоҳид Хамидовнинг 2024 йил ҳамда жорий йилнинг биринчи ярмида бошқарма томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Ҳозирда Андижон вилоятидаги 422 та объект моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Улардан 221 таси археология, 74 таси архитектура, 42 таси эса монументал санъат ёдгорликлари ҳисобланади.
Эшитув давомида бошқарманинг ҳисобот даврида олиб борилган ишлари, натижалари танқидий руҳда таҳлил қилинди. Хусусан, депутатлар томонидан айрим ёдгорликлар, маданий мерос объектлари бугунги кунда қаровсиз ҳолга келиб қолганлиги, уларнинг муҳофазасига етарли даражада эътибор қаратилмаётганлиги қайд этилди. Ана шундай ҳолатларни бартараф этиш бўйича депутатлар томонидан тегишли ташкилот ва идораларга депутатлик сўровлари юбориш, ҳар бир объектда ўрганишлар ўтказиш ва ҳолатни ҳуқуқий асосда тартибга солиш бўйича чоралар белгиланди.
Шунингдек, “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлари томонидан маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган вилоят ҳудудидаги 7 та шифобахш булоқ атрофини ободонлаштириш, уларни ички ва зиёрат туризми учун жозибадор масканларга айлантириш, келгусида маданий меросни муҳофаза қилиш ва ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар бўйича таклифлар билдирилди. Жумладан, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Жамоат фондининг Андижон вилоят бўлими грант танловларида тегишли лойиҳалар билан иштирок этиш ташаббуси илгари сурилди.
Муҳокамаларда яна бир муҳим масалага эътибор қаратилди. Маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган баъзи масканлар қабристонлар билан туташ бўлганлиги учун туман ҳокимликларининг қарорига асосан қабристон сифатида фойдаланилаётганлиги, бу ёдгорликларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётганлиги қайд этилди. Уларни қабристон ҳудудидан ажратиш, ободонлаштириш масаласини кўриб чиқиш учун халқ депутатлари Андижон вилоят кенгашининг навбатдаги сессияларига киритиш белгиланди.
“Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди дастурида миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани асраш ва меросни ёш авлодга етказиш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Партия бу борада “Ўтганни эъзозламаган – келажакни барпо эта олмайди” деган тамойилга таянади. Ўтказилган эшитувда билдирилган таклиф, фикр-мулоҳазалар ҳам ана шу ғояни амалда рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
[gallery-24383]
Маданий мерос – бу фақат ўтмиш ёдгорлиги эмас, балки халқнинг миллий руҳияти, тафаккури ва маданий баркамоллигининг кўринишидир. Маданий меросни асраб-авайлиш йўлидаги ҳар қандай ҳаракат – миллий тикланиш ва тараққиёт сари ташланган муҳим қадам бўлади.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.