“Миллий тикланиш” партиясининг енгил-елпи, тутуриқсиз муносабатларидан асл муддаоси нима?
Нега? Чунки, улар шу орқали тезроқ танилиш мумкинлигини яхши билишади.
Спортда аниқроғи кўпчилик мухлисларга эга футболда нисбатан кучсиз, танилмаган бирор жамоа юлдуз футболчилар жамланган, бутун дунёда мухлисларига эга бўлган машҳур терма жамоалар билан беллашишни орзу қилади ва шунга интилади. Нега? Чунки, улар шу орқали тезроқ танилиш мумкинлигини яхши билишади.
“Миллий тикланиш” партиясининг бугунги хатти-ҳаракатларини ҳам шунга менгзаш мумкин. Чунки улар ХДП ёки ”Адолат” партиялари бир четда қолиб, айнан ЎзЛиДеПга елимдек ёпишиб олишган. Партиямизнинг ҳар бир қадамини пойлаб юришибди, десак ҳам муболаға бўлмайди.
Айни дақиқаларда ҳам “Миллий тикланиш” Расул Кушербаев орқали партиямизга тош отишда давом этмоқда. Боя айтганимдек, кучлилар мавқеидан фойдаланиб обрў орттириш “миссияси” давом этмоқда. Лекин Р. Кушербаевни мақоласи юзасидан МТ ахборот хизматининг жавобида бир қатор тушунмовчиликлар мавжуд.
Биринчидан, мақолада “Расул Кушербаев зиммасига навбатдаги нозик топшириқ юклатилган кўринади. Узунқулоқ гапларга қараганда, бу сафар ҳурматли депутатимизга “Артел” компанияси вакилларининг “Миллий тикланиш”га аъзо бўлганлари сабабини аниқлаш ва омма орасида ушбу ҳаракатга нисбатан салбий фикрни шакллантириш вазифаси қўйилганмиш” деган жуда кулгили жумлалар ёзилган.
Ушбу сўзларни ўқиб, қуйидаги фикрларни айтиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Аввало Расул Кушербаев бировни гапи ёки кўрсатмаси билан иш қиладиган депутат эмаслигини кўпчилик жуда яхши билади. Мақола аввалида “...ўз сайловчилари эътиборини қозонган, парламентда эса “ўжар депутат” сифатида ном қозонган” деб буни МТ ахборот хизматидаги мутасаддилар алоҳида эътироф этишганку. Нега ўзингизни гапингизга ўзингиз қарши чиқаяпсиз дегимиз келади, уларга қараб.
Иккинчидан, “Миллий тикланиш” “Артел” компанияси раҳбарини аъзо қилиб, уни кўз-кўз қилишдан мақсади нима? Агар масалага онгли равишда ёндашадиган бўлсак, ушбу ташаббус ортида компаниянинг минг-минглаб ишчиларини бошлиқ ортидан шу партияга “ихтиёрий мажбурий” аъзо бўлишга даъват этишнинг учқунлари яққол сезилиб қолади.
Яна бир тушунмаган жойимиз бор. “Миллий тикланиш” вакиллари Р. Кушербаев халқ учун, сайловчилари учун бирор фойдали иш қилса, бунга ЎзЛиДеПни алоқаси йўқ, деб аюҳаннос солишади. Партия қолиб депутатимизни кўкларга кўтаришганини бир неча марта гувоҳи ҳам бўлдик.Энди эса Расул Кушербаевнинг МТга нисбатан билдирган мутлақо шахсий ва холис фикрини шаклланишида ЎзЛиДеП “буюртмачи” эмиш! Қани бу ерда мантиқ? Бундай иккиюзламачилик, сохта реклама кимга керак? Хўш, “Миллий тикланиш” партиясининг бундай енгил-елпи, тутуриқсиз муносабатлардан асл муддаоси нима?
Такрор ва такрор айтишдан чарчамаймиз. Улар ўз тасаввурларидаги “Миллий тикланишнинг ёруғ келажагини” ЎзЛиДеП номидан кўр-кўрона фойдаланиб яратишмоқчи, шекилли!
Тамом.
ЎзЛиДеП Матбуот хизмати