Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий тикланиш партияси Сурхондарёда туризмни ривожлантиришга кўмаклашади
20:02 / 2020-12-12

Сурхондарё вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбати “Мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи: туризмнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантиришнинг миллий ҳамда халқаро тажрибаси” мавзуига бағишланди.

Унда вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси, партиянинг вилоят кенгаши ходимлари, депутатлик гуруҳи аъзолари, соҳага алоқадор корхона ва ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Тадбирда “Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 майдаги “Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси муҳокама этилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Сўнгги йилларда Сурхондарё вилоятида қадимий воҳанинг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилаётган юксак эътибор ҳудудда ички ва ташқи туризмни ривожлантириб, соҳани етакчи тармоққа айлантирмоқда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 18 июлда қабул қилинган “Туризм тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилаётир. Шунга мувофиқ вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси томонидан соҳани янада юксалтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда.

Вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси воҳага келаётган сайёҳлар ва экскурсантлар хавфсизлигини таъминлаш, ихтисослаштирилган қутқарув хизматларини ташкил этишга хизмат қилмоқда. Воҳанинг туристлар билан ҳамиша говжум Термиз археология музейи, Санъат саройи, Ҳаким ат-Термизий ва Абу Исо имом Термизий зиёратгоҳларида “Tourist police” шаҳобчалари ва 24 соатлик назорат ўрнатилган. Уларнинг тезкор ва самарали хизмат кўрсатиши учун 15 та транспорт воситаси ажратилган.

[gallery-407]

– Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти туризм субъектлари ва аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиниб, 1999 йил 20 августда қабул қилинган аввалги қонундан афзалликлари атрофлича тушунтирилмоқда, – дейди вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи З.Намозов. – Шунингдек, қонунда белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ туризм соҳасидаги хизматларни сертификатлаштириш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилиб, услубий ва маслаҳат ёрдами кўрсатилаётир. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда янги ташкил этилган 2 та туроператор ва 8 та меҳмонхона ҳамда 37 та оилавий меҳмон уйларини ягона реестрга киритдик. Уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирдик.

Айни пайтда воҳада 38 туроператор, 53 меҳмонхона ва юзта оилавий меҳмон уйлари сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Вилоятда палеолит давридан XX асргача бўлган даврни қамраб олган 444 та археология, 36 та меъморчилик ва муқаддас қадамжо, 39 та ҳайкалтарошлик ёдгорликлари, 42 та диққатга сазовор жой мавжуд Ҳозиргача уларнинг 101 таси туристик намойиш масканлари сифатида танлаб олиниб, рўйхати шакллантирилган ва туристик айланмага киритилиб, инфотурлар ташкил этилаётир.

Давра суҳбатида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 майдаги “Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастурининг бажарилиши, туризм хизматларини диверсификация қилиш ва зиёрат, тиббиёт, спорт, кино, агро ва экотуризм каби сайёҳлик турларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, “Туризм маҳалласи”ни барпо этиш ҳамда “Олтин учбурчак” туристик лойиҳасини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди. Мавжуд муаммолар, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий вазиятда туризм соҳаси субъектларини қўллаб-кувватлаш ва туризм инфратузилмасини ривожлантиришнинг аҳволи чуқур таҳлил қилинди.

– Соҳада юзага келган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиб, воҳанинг сайёҳлик салоҳиятини янада оширишга яқиндан ёрдам берамиз, – дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят кенгаши котибияти мудири С.Абдураимов. – Энг долзарб масалаларни вилоят кенгаши сессияси муҳокамасига киритиб, маҳаллий кенгаш депутатлари эътиборига ҳавола этамиз. Зеро, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳияти жуда юқори. Бундан оқилона фойдаланиш қадимий воҳани дунёга кенг тараннум этиб, вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Давра суҳбатида вилоятнинг туристик имкониятларидан янада унумли фойдаланиб, хорижлик ва маҳаллий саёҳларни кенг жалб этиш, уларга янада сифатли хизматлар кўрсатиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА