Футбол бўйича миллий терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионати ва Осиё кубоги қўшма саралаш ўйинларини Саудия Арабистонида, марказлашган ҳолда ўтказишидан хабарингиз бор.
Саудия Арабистони сафари олдидан Дубайга ташриф буюрган делегациямиз Таиланд миллий термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказди. Дубай шаҳридаги "The Sevens" стадионида, ёпиқ эшиклар остида уюштирилган учрашувда Вадим Абрамов шогирдлари рақибларини йирик – 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Аслида учрашувнинг 60-дақиқасида таиландликлар ҳисобни очишганди. Дарвозамиз томон йўлланган зарба рекошет ҳолатда голга айланганди.
65-дақиқада Ҳусниддин Алиқулов жарима майдони ичидан, стандарт вазиятдан зарба бериб, гол муаллифи бўлди. 70-дақиқада Одил Аҳмедов бирга бир вазиятда рақиб дарвозасини ишғол қилди ва терма жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқди - 2:1. 73-дақиқада Тўхтахўжаев - Аҳмедов - Икромов ижросидаги комбинациясидан кейин Темурхўжа Абдухолиқов дарвозаси ишғол этди - 3:1. Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида Темурхўжа Абдухолиқов ўзининг иккинчи, жамоадошларининг тўртинчи голига муаллифлик қилди.
3 июнь санасидан Осиёда Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларининг иккинчи босқич ҳал қилувчи баҳсларига старт берилади. Шу куни 8та гуруҳдан олтитасида ўйинлар бошланади. Қолган иккитасида жамоалар бир неча ойлик танаффусдан сўнг яна курашга киришишади.
Вадим Абрамов бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси жой олган "D" гуруҳидаги ўйинлар Саудия Арабистонининг Ар Риёд шаҳрида ташкил этилади. Ўйинлар тақвими билан танишинг:
3 июнь, пайшанба
Фаластин - Сингапур
5 июнь, шанба
С.Арабистони - Яман
7 июнь, душанба
Ўзбекистон - Сингапур
11 июнь, жума
Сингапур - С.Арабистони
Яман - Ўзбекистон
15 июнь, сешанба
Фаластин - Яман
С.Арабистони – Ўзбекистон
Ҳозирча турнир жадвалида С.Арабистони 11 очко билан биринчи, Ўзбекистон 9 очко билан иккинчи бўлиб турибди. Бу икки жамоа ўртасидаги ҳал қилувчи тўқнашув сўнгги турга мўлжалланган.
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА