Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий театримизнинг 107- ижодий мавсуми бошланди
18:58 / 2021-10-05

"Биз Сизларни соғиндик!" Ўзбек Миллий академик драма театрининг янги ижодий мавсуми театр бош директори, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг ана шу сўзлари билан бошланди.

Театрнинг 107- ижодий мавсуми очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирга ижодкор зиёлилар, талаба-ёшлар, санъат мухлислари таклиф этилди.

Саҳнага ўрнатилган улкан мониторда Миллий театр санъати дарғалариниг сиймоси намоён бўлади. Залга театрнинг ижодий жамоаси гулдурос қарсаклар билан кириб келдилар.

Ҳар қанча мураккаб шароит бўлмасин, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан миллий санъатимиз, маънавиятимиз ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Бу жиҳат театрлар фаолиятида ҳам ўзи аксини топмоқда. 14 октябргача миллий маънавиятимизнинг жонкуяри, романнавис адиб Абдулла Қодирий ижодига оид спектакллар, расмлар танлови, давра суҳбатлари, мулоқотлар бўлиб ўтмоқда. 

Зеро, Қодирий бобомиз жамият ҳаётининг ўзига хос кўзгуси сифатида саҳна санъати учун ҳам ўткир масалалар акс этган асарларни яратган. Айни пайтда тарихчилар Абдулла Қодирийнинг фаолиятини миллий театр жонкуяри сифатида ҳам юқори эътироф этади.

Таъкидлаш керакки, устоз режиссёр Баҳодир Йўлдошев мазкур театрда илк бор иш бошлаб, ўзининг сўнгги спектаклини ҳам шу ерда намойиш этган эди. Янги мавсумда устоз режиссёр саҳналаштирган "Аршин мол олан" спектаклини яна томошабинларга тақдим этиш кутилмоқда.

Янги ижодий мавсум Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи асосида саҳналаштирилган спектакль билан бошланди. Биз билган Отабек, ўша Кумуш, икки дунёнинг оворасига айланган шўрлик Зайнаб...19-асрда диёримиз бошида айланган қора булутлар. Мустабид тузумнинг шум найранглари арафасида заминимиздаги ижтимоий муҳит акс этган бу асарнинг саҳнавий талқини томошабинларни сира бефарқ қолдирмайди.

Назокат Усмонова, ЎзА