Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий театр соҳасида янги босқич
11:14 / 2025-10-28

Бугунги глобаллашув даврида инсоният ҳаёти шиддат билан ўзгариб, жаҳон маданиятлари бир-бири билан яқинлашаётган бир пайтда театр санъати жамият маънавий тараққиётининг муҳим омили бўлиб қолмоқда. Техника ва сунъий интеллект тараққиёти қанчалик юксалмасин, инсон қалбига таъсир этадиган, уни яхшиликка чорлайдиган энг таъсирчан восита – бу жонли театр санъати.

Шу маънода, 2024 йил 22 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий театр соҳаси учун янги босқични бошлаб берди. Қарорда театрларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижодкорларни рағбатлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда бадиий савияси юқори спектакллар яратиш каби устувор вазифалар белгиланган.

ЎзРФА Санъатшунослик институти докторанти Чарос Ҳамидова мазкур қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:  

– Қарорда буюк тарихий шахсларнинг ибратли ҳаёти ва ижоди, уларнинг болалиги ва ёшлигини ифодаловчи миллий қаҳрамон образлари яратиш назарда тутилган бўлиб, ўтган йил давомида юртимизнинг бир қанча театрларида мана шундай мавзудаги ва жанрдаги спектакллар саҳналаштирилди. Ўзбек миллий академик драма театрида “Жалолиддин Мангуберди”, “Усмон Носир”, “Биринчи қалдирғоч”, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат Академик мусиқали театрида “Нодирабегим”, Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида “Беҳбудий”, Марғилон шаҳар мусиқали мақом театрида “Икки қалб ноласи”, Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида “Абу Муин Насафий”, Ўзбекистон давлат Ёш томошабинлар театрида “Жадидлар. Сўнгги кунлар”, “Барҳаёт чинор”, Ўзбекистон давлат драма театрида “Туркистон болалари” каби саҳна асарлари ўзига хос ифода воситалар орқали саҳналаштирилди.

Инсоннинг жамиятдаги ўрни ва қадр-қимматини тарғиб этувчи “Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида янги саҳна асарлари яратиш қарорда белгиланган бўлиб, бу борада Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида “Одамга ёрдам беринг”, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат Академик мусиқали театрида “Замон Авлонийси”, Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида “Муҳаббат”, Каттақўрғон шаҳар драма театрида “Давр ўғлони” каби спектаклларни томошабинлар ҳукмига ҳавола қилди. 

Театр санъатида ижодий ҳамкорликни ривожлантириш, драматурглар ва ёш режиссёрларни рағбатлантириш мақсадида драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот ҳамда ёш режиссёрлар учун Ўзбекистон Республикаси халқ артисти ва санъат арбоби Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот таъсис этилди. Ушбу мукофотлар бўйича танловлар ҳар икки йилда ўтказилиб, уларнинг ғолиблари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланиши режалаштирилган. 

Режиссёр – драматург – композитор – рассом тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий академия ҳамкорлигида жорий йилнинг 16-18 сентябрь кунлари “Паркент” ижодий уйида Нигоҳ ижодий лойиҳаси ўтказилди. 3 кун давом этган семинарда иқтидорли режиссёр, драматург, композитор ва рассомлар тандем театрда саҳналаштириш учун сараланган креатив ва замонавий лойиҳаларни тажрибали экспертлар жамоасига тақдим этди. Барча иштирок этган жамоаларнинг асарлари ҳакамлар томонидан бадиий ва ғоявий жиҳатдан жиддий ўрганиб чиқилиб энг яхши 5 та асар муаллифлари ғолиб деб топилди. 
Барча ёшдаги томошабинларни театр санъати билан ошно тутиш мақсадида давлат умумий ўрта таълим муассасаларида мактаб театр жамоалари ташкил этилиб, улар ўртасида “Турон” мактаб театри республика танлови ўтказилиши йўлга қўйила бошланди. Республиканинг ҳудудий босқичлари ўтказилиб, улардаги юзлаб ўқувчилар чин маънода истеъдодларини намойиш қилмоқда.

Қарорнинг 11-бандида кўзда тутилган театр танқидчилари ва драматурглари клубини ташкил этиш ҳамда ҳар чоракда камида бир маротаба бадиий танқид ва драматургияни ривожлантириш бўйича давра суҳбатлари, семинарлар ва омма эътиборида бўлган саҳна асарлари муҳокамасини ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Театр Арбоблари уюшмаси ҳузурида “Театр танқидчилари ва драматурглар клуби” жорий йилнинг 3 июлида йўлга қўйилди. Клуб низоми ишлаб чиқилиб, клуб раиси ва аъзолари сайланди. 16 октябрда эса “Театр танқидчилиги ва драматургия” клубининг илк дарси бўлиб ўтди. Клуб раиси шоир ва драматург Усмон Азим, театр танқидчилиги бўйича ўринбосар Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), театршунос Анвар Исмоилов театр танқиди ва драматургиянинг узвий боғлиқлиги, асарнинг ёзилиши ва саҳна юзини кўришида то унинг репетицияга қадар кечадиган жараёни тўғрисида фикр алмашди. Театр санъатига қизиқувчи ёш ижодкорлар ўзларининг саволларига жавоблар олди. 

Ушбу банднинг узвий давоми сифатида театршунослик ва санъатшунослик йўналиши докторантлари ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ҳар ойда камида иккита спектакль томоша қилиш ва ҳар чоракда камида бир маротаба янги спектакль кўриги ва муҳокамасида иштирок этиш белгиланган эди. Ўзим театр санъати йўналиши докторанти сифатида илмий тадқиқот ишим “Самарқанд вилоят мусиқали драма театрининг шаклланиши ва ривожланишининг асосий босқичлари” мавзусида бўлиб, бевосита вилоят театрига бориб, янги саҳналаштирилган спектакллар муҳокамасида иштирок этдим. 

Нигора Раҳмонова, ЎзА