ФОТОРЕПОРТАЖ
Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 28 январда қабул қилинган “Узлуксиз таълим тизимида ёшларни миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини ошириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган семинарнинг асосий мақсади қарорнинг мазмун-моҳиятини педагог кадрлар, соҳа мутахассислари ва илмий ходимларга атрофлича тушунтириш, унда белгиланган вазифаларнинг илмий-педагогик асослари ҳамда амалий ижроси механизмларини очиб беришдан иборат бўлди. Шунингдек, иштирокчиларга “Миллий тарбия модели”, “Келажак соати” дарслари ҳамда ёш даврлари кесимида тарбиялаш тизимининг методик ва ташкилий жиҳатлари юзасидан кенг маълумотлар тақдим этилди.
Семинарни институт директори, академик Х. Ибраимов очиб бериб, узлуксиз таълим тизимида миллий тарбиянинг ягона ғоявий асосларини шакллантириш долзарб вазифа эканини таъкидлади. Тадбир давомида қарорда назарда тутилган уч босқичли тарбия тизими, “Миллий тарбия модели”нинг тузилмаси ва уни жорий этиш механизмлари, шунингдек “Келажак соати” дарсларининг мазмуни ва методик имкониятлари батафсил ёритилди. Оила–маҳалла–таълим ташкилоти ҳамкорлигининг замонавий моделлари ҳам муҳокама қилинди.
[gallery-27586]
Илмий-амалий семинар доирасида “Узлуксиз таълим тизимида миллий тарбиянинг ягона ғоявий модели: концепция ва стратегик вазифалар”, “Қарор ижросини таъминлашда ўқитувчиларнинг методик тайёргарлигини оширишнинг долзарб масалалари”, “Келажак соати” дарслари — миллий тарбияни амалга оширишнинг инновацион педагогик воситаси”, “Миллий тарбия модели”ни жорий этишда Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Маданият вазирликлари тизимлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари” мавзуларида маърузалар тингланди.
Тадбирда миллий қадриятларга асосланган тарбия тизимини такомиллаштириш, ёшларда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, маънавий иммунитетни шакллантиришга қаратилган замонавий педагогик усуллар ҳамда қарор ижросини таъминлашда таълим муассасалари олдида турган устувор вазифалар юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Семинар якунида иштирокчилар ўртасида фикр алмашув бўлиб ўтди, берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди ҳамда қарор ижросини таъминлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Камола Юсупова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА