Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий тадқиқот тасодифий танлов асосида амалга оширилади
16:24 / 2020-12-09

PISA дастури талаблари қандай? Ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича миллий тадқиқот қай тартибда амалга оширилади? Тасодифий танлов қандай бўлади? Мазкур тадқиқотда инсон омили аралашмаслиги нима беради?

Ушбу саволларга Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази директори Абдували ИСМОИЛОВ жавоб берди. 

– Таълим тизимидаги ислоҳотлар қаторида таълим сифатини таъминлаш ва баҳолашда ҳам хорижий мамлакатлар тажрибаси, инновацион баҳолаш усулларини кенг жорий қилиш, хусусан, халқаро рейтинг ва тадқиқотларда иштирок этиш бўйича ҳам ишлар қилиняпти, – деди Абдували Исмоилов. – Жорий йил 30 октябрь куни Президент ҳузурида таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таълим тизимини замон талаблари даражасида ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилганди.

Ўқувчиларни ёдлаб олишга эмас, балки фикрлашга, билимини амалда қўллашга ўргатадиган ўқитиш методикасини жорий қилиш ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан биридир. 

Айтиб ўтиш жоизки, таълим сифатини баҳолаш бўйича нуфузли халқаро тадқиқотлар PIRLS, PISA, TIMSS ва TALISда иштирок этиш бўйича қарорлар қабул қилиниб, мамлакатимиз PISA халқаро тадқиқоти рейтингида 2030 йилда илғор 30 та давлат қаторидан ўрин олиши кўзда тутилган.
PISA – ўқувчиларнинг мактабда эгаллаган билимларини реал ҳаётий вазиятларда қўллай олиш компетенцияларини баҳолашга қаратилган дастур бўлиб, унда математик, ўқиш, табиий-илмий саводхонлик, креатив фикрлаш йўналишлари бўйича баҳоланади. 

Ўзбекистон илк маротаба қатнашадиган PISA тадқиқотларида муваффақиятли иштирок этиш бўйича халқаро экспертлар билан ҳамкорликда семинар-тренинглар ўтказилиб, 260 нафар маҳаллий тренер тайёрланди. Улар ёрдамида ҳудудларда яна 2800 нафар ўқитувчи-тренернинг малакаси оширилди. 

Таълим инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг қарори асосида халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича 348 та таянч мактаби белгиланди. 

Шу билан бирга, ўқувчиларнинг ўқиш, математик ва табиий-илмий саводхонлиги, мантиқий ва ижодий фикрлаш кўникмаларини баҳолаш ва ривожлантиришга бағишланган 80 дан ортиқ видео маҳсулот, 21 номдаги ўқув-методик қўлланма тайёрланиб, мактаблар жамоаларига етказилди. 
2019-2020 йиллар давомида TIMSS ва PISA талаблари асосида миллий тадқиқотлар ва PIRLS халқаро тадқиқотининг тажриба-синови ўтказилди. 

Айни пайтда PISA дастури талаблари асосида “Ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича миллий тадқиқот” жорий йил 10-16 декабрь кунлари ташкил этилиши белгиланган. 

Халқаро дастур талабларига кўра, тадқиқот ўтказиш учун камида 150 та мактаб жалб қилиниши белгиланган. Ушбу миллий тадқиқотга тайёргарлик кўриш жараёнида ҳам инсон омили иштирокисиз тасодифий равишда компьютер дастури орқали республика бўйича барча ҳудудлардан 150 та умумий ўрта таълим мактаби танлаб олинди. 
Миллий тадқиқотнинг сифатли, ишончли ва муваффақиятли ўтказилишини таъминлаш мақсадида уни ташкил этиш тартиби, жараёнда бевосита иштирок этадиган тест администраторлари ва кузатувчилар учун йўриқномалар, жараённи ўтказиш сценарийси ишлаб чиқилиб, масъулларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилди. 

Миллий тадқиқот материаллари PISA дастурида олдинги йилларда фойдаланилган топшириқлар асосида тайёрланди. 

Баҳолаш материалларининг сифатини таъминлаш учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 10 та мактабнинг 1592 нафар ўқувчиси иштирокида тажриба-синов ўтказилди ва материаллардаги камчиликлар аниқланиб, улар яна такомиллаштирилди. 

PISA тадқиқотининг тажрибасига таяниб айтадиган бўлсак, ўқувчиларни ёки синфларни танлаб олиш мумкин. Биз синфларни танлаб олиш амалиётини жорий қилдик. Унга кўра, 150 та мактабнинг ҳар биридан биттадан 9-синф танлаб олинди. Ушбу синфларда таълим олаётган ўқувчилар сони 3592 нафарни ташкил этди.

Миллий тадқиқотни белгиланган мактабларда ўтказиш учун 40 нафар тест администратори ва жараённи кузатиб бориш учун 62 нафар мутахассис жалб этилди.

 

Миллий тадқиқот жараёни 2 қисмдан иборат. У тест жараёни ва сўровномаларни ўз ичига олади. Ўз навбатида, тест жараёни ҳам 2 та сессиядан ташкил топган бўлиб, у жами 120 дақиқага мўлжалланган тест саволларидан иборат. Тест саволлари тузилишига кўра, жавоби танланадиган ва очиқ топшириқлардан ташкил топган. 

Халқаро тадқиқотларда очиқ тест топшириқларига ҳам кенг ўрин берилади. Яъни бунда маълум бир саволга ўқувчилар жавобни ўз фикрлари билан ёзиши ёки изоҳ бериши талаб этилади. Бундай ёндашув, ўз навбатида, ўқувчиларда мантиқий фикрлаш ва ўз фикрини ёзма баён қилиш кўникмаларини баҳолашга ва ривожлантиришга хизмат қилади. 

Ўқувчи сўровномасига 35 дақиқа вақт ажратилади. Мазкур сўровнома орқали таълим сифатига таъсир этувчи омиллар, яъни ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун уларнинг уйларида, таълим муассасасида яратилган шароитлар ҳамда таълим жараёнида ота-оналарнинг роли ҳақида ўқувчиларнинг фикри ўрганилади. Шунингдек, умумтаълим муассасасидаги бошқарув ва таълим жараёнларининг ташкил этилиши билан боғлиқ саволлардан иборат сўровномада мактаб маъмурияти ҳам иштирок этиши кўзда тутилган. 

Мазкур тадқиқотни ташкил этишдан кўзланган мақсад ўқувчиларнинг саводхонлиги, билимини амалиётда қўллай олиш кўникмалаларини баҳолаш, таълим сифатига таъсир этувчи омилларни ўрганиш, ўқувчиларнинг билимидаги бўшлиқлар, ўқув жараёнини ташкил этишдаги ютуқ ва камчиликларни аниқлаш, натижаларни аввалги йилларда ўтказилган тадқиқот натижалари билан солиштириш ва ўзгаришларни таҳлил қилишдан иборат. Шу билан бирга ўқувчиларнинг халқаро тадқиқотларга тайёргарлик ҳолатини аниқлаб олишимиз ҳам мумкин. 


 

   ЎзА мухбири 
   Барно Мелиқулова ёзиб олди.