Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий табиат боғида Сибир тоғ эчкиси кўпаймоқда
14:15 / 2023-06-30

Сурхондарё вилоятидаги Юқори Тўпаланг миллий табиат боғи Зевар бўлими 14–15 кварталларида назоратчилар Сибир тоғ эчкилари яшаётганини аниқлади.

Бу ҳақда хабар берган миллий табиат боғи директори Нуриддин Саттаровнинг айтишича, Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Сибир тоғ эчкиси асосан Туркистон ва Чотқол тоғ тизмаларида учрайди. Ноёб бу жонивор чиқиш қийин бўлган баланд тоғларда яшаб, ўртача 15-17 йил умр кўради. Бир йилда икки мартагача болалайди. Оғирлиги 35 килодан 150 килограммгача етади.

–Ёзги жуни қўнғирнамо жигар ранг тусда бўлади,– дейди Нуриддин Саттаров.– Тик қоя тошлар ва ўпирилмалар кўп бўладиган жуда паст-баланд жойларда юради. Ҳозир эрталабки ва кечки соатларда қўнғирбош ва бошқа ўтлар билан озиқланади. Қишда арча игнабарглари ва буталарни ғажийди. Тунда бориш қийин бўлган даралардаги қоялар орасида ётади. Вояга етган эркаклари ноябрь ойининг ўрталарида олишиб, бир нечта, айримлари 15 тагача урғочисини ўзига олади ва бошқа эркак Сибир тоғ эчкиларини уларнинг яқинига йўлатмайди. Урғочилари апрель–май ойларида болалайди.

Мутахассисларнинг фикрича, Сариосиё туманидаги Ҳисор тоғ тизмаларида бундай ноёб жониворларнинг эмин–эркин кўзга ташланаётгани наботот олами ва ҳайвонот дунёсига бой ҳудудда кейинги йилларда уларни авайлаб–асраш ва кўпайтириш учун яратилган шароитлар самарасидир. 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, 

ЎзА мухбири