Осмонўпар тоғлар қўйнидаги “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи йилнинг тўрт фаслида ҳам инсонни мафтун этадиган гўзаллик оғушида бўлади. 27 минг 851 гектар майдонда ястаниб ётган боғ, айниқса, олтин куз фаслида зумраддек товланиб, кўзни қамаштиради.
Миллий табиат боғининг ҳар бир бўлими ўзига хос табиат манзараларига эга. Айни пайтда ҳайвонот ва наботот оламига бой гўшада турли мевали дарахтлар, шифобахш ўсимликлар ҳам муҳофаза қилиниб, кўпайтирилмоқда.



Шу кунларда куз фасли табиат боғида юртимизга хос осойишталик, тўкинлик ва турли рангларда товланувчи гўзалликни кенг намоён этмоқда. Баланд тоғлар бағрида пишиб етилган болдек ширин мевалар дилларга қувонч улашиб, кўнгилни яйратади.



Кузнинг майин шабадаси дов-дарахт ва шифобахш гиёҳларни оҳиста силаб, қалбларга ором бахш этади. “Зевар” бўлимида суратга олинган ушбу тасвирлар ҳам сизни ўсимлик дунёсининг саховатли куз фаслидаги мафтункор, гўзал манзараларидан ўзгача завқ туйдириб, беихтиёр бебаҳо бойлик бунёдкори ¬ она табиатга шайдо этади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири