Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллий спортимиз ривожи йўлида муҳим қадам ташланди
12:55 / 2021-12-20

Миллий спорт тури – курашни нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда янада оммалаштириш мамлакатимиз спорт сиёсатининг устувор вазифаларидан бири саналади.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Халқаро кураш институти томонидан Шарқий Осиё кураш мутахассислари учун йўлга қўйилган онлайн семинар машғулотлари айни мақсадлар йўлида ташкил этилди. 

Машғулотда Хитой, Макао, Хитой Таипейи, Монголия, Жанубий Корея, Гонконг ва Япония мураббийлари ўзбекистонлик мутахассислардан назарий ва амалий тарзда кураш сир-асрорларини ўрганди. 

Семинарда маҳаллий мураббий ва ёш спортчилар ота-боболаримиздан мерос спортнинг жозибали усулларини хорижлик мутахассисларга намойиш этди. 

- Мамлакатимизда курашни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги натижасида Халқаро кураш институти ҳар қачонгидан ҳам фаол ва самарали фаолият олиб бормоқда. Ўтказилаётган мазкур анжуман миллий спортимиз ривожи йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди, – деди Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов. 

Семинар машғулотларида кураш бўйича фахрийлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, 83 ёшли Абдурашид ота Мирзаевнинг кўрсатган маҳорат сабоқлари кузатувчиларда илиқ таассурот қолдирди.  

Тадбир доирасида миллий курашимиз тарғиботини янада оммалаштириш, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Халқаро кураш институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланганлиги ўзига хос аҳамият касб 
этди.

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА