Мамлакатимизда миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини янада оммалаштириш, уларни умумжаҳон маданий мероси дурдонасига айлантириш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қадриятларимизнинг дунёга бўй кўрсатиши йўлида муҳим дастуриламал бўлди.
Спорт вазирлигида Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедиясини ихчамлаштиришга бағишланган йиғилишда шу ҳақда сўз борди.

Айтиш лозим, бундан уч йил муқаддам “Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси” яратилган эди.
Энциклопедия 2 қисмдан иборат бўлиб, унга жами 82 та миллий халқ ўйинлари тўғрисидаги маълумотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида киритилган.

Тадбирда аждодларимиздан мерос миллий ўйинларнинг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодга етказиш, ёшларнинг миллий спорт турларига бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш орқали уларда ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлаш йўлида яратилган “Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси”нинг ихчамлаштирилган китоб шаклини ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилди.
Шу ўринда айтиш жоиз, “Ўзбекистон миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари энциклопедияси” халқимиз қалб-қўрида асраб келинган қадриятларнинг ривожи ҳамда унинг оммавийлигида муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилиш якунида мазкур китобнинг лойиҳа шакли кўриб чиқилди ва масъулларга китобни янада такомиллаштириш юзасидан зарур таклифлар берилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА