Мамлакатимизда давом этаётган Аксилкоррупция ойлиги доирасида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида “Очиқ эшиклар куни” маърифий тадбири ташкил этилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, исломшунос олим Музаффар Комилов мамлакатимизда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, уларни таг-томири билан бартараф этиш, жамиятда адолат, ҳалоллик тамойилларини мустаҳкам қарор топтириш, инсон қадр-қимматини улуғлаш масаласи маърифий янгиланиш жараёнларида устувор аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ушбу олий таълим даргоҳида ҳам коррупцияга йўл қўймаслик, таълим сифати ва мазмунини юксалтириш, талаба-ёшларнинг тўкис билим олиши учун зарур барча шароитларни яратиш, илмий жамоатчиликнинг ёшларга дарс бериши, маърифий-инновацион тадқиқотлар олиб бориши, ўз устида ишлаши учун етарли имкониятлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда.
[gallery-20785]
Айтиш керакки, академияда талаба-ёшлар иштирокида доимий аноним сўровномалар олиб борилиши тизимли йўлга қўйилган. Бу эса турли муаммоларни тез аниқлаш, уларга ўз вақтида барҳам беришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда академия ректори томонидан ёшлардан келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиш, уларни ҳал этиш ижобий йўлга қўйилгани диққатга сазовор. Бу эса талабаларни ётоқхонага жойлаштириш, ўқишга тиклаш, таълим сифатини янада ошириш, педагог кадрларнинг ўз фаолиятига янада кўпроқ масъулият билан ёндошишини таъминлаш, талабаларнинг одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этишига эришишдек масалалар ижросини таъминлаш имконини бермоқда.
Айтиш керакки, Ўзбекистон халқаро ислом академияси юртимизда диний-маърифий соҳада ҳассос мутахассисларни тайёрлайдиган нуфузли олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Давлатимиз томонидан ушбу билим даргоҳи моддий-техника базасини ривожлантириш, профессор-ўқитувчи, ишчи-ходим ва талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан эълон қилинган олий таълим муассасалари рейтингида Ўзбекистон халқаро ислом академияси юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Академияда таълим, давомат, билимларни баҳолаш, баҳоларни қайд этиш жараёни рақамлаштирилган. Айни пайтда педагог кадрларнинг касбий малака ва маҳоратини муттасил ошириш, уларни ўз устида тинимсиз ишлашга ундаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
“Очиқ эшиклар куни” маърифий тадбирида академия фаолияти билан боғлиқ маълумотларни ўқув даргоҳи сайтида бериб бориш, битирувчи-талабаларни иш билан таъминлаш ва бошқа тегишли мавзудаги саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА