Акс-садо
Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин, мамлакатимизда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, хайрли ишлар барча мўмин-мусулмонларни мамнун этмоқда.
Шу йил 11 июнь куни муҳтарам Президентимизнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қурбон ҳайити жамиятимизда қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш ҳамда ёш авлодни миллий анъана ва урф-одатларимизни эъзозлаш, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Айни кунларда 15 минг нафардан зиёдроқ юртдошимиз, шу жумладан, Тошкент вилоятидан ҳам мингдан зиёд мўмин-мусулмонлар ҳаж ибодатларини адо этишмоқда.
Бу йил 5 июнь куни муҳтарам Президентимиз Ўсбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларнинг ҳол-аҳволларидан хабардор бўлгани тарихий воқеа бўлди. Барча ҳожиларимиз юрт раҳбари ҳол сўраганидан тўлқинланиб, кўзларида ёш билан Ватанимиз, халқимиз ҳаққига хайрли дуолар қилмоқда.
Тошкент вилоятилик ҳожилар ҳам Исломнинг бешинчи рукнини адо этгач, Ватанга қайтиб, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлишга ваъда берди.
Ҳайит фақат байрамгина эмас, балки минг йиллар давомида шаклланган қадриятларимиз тараннуми ҳамдир. Чунки бу байрамда халқимиз ўзаро меҳр-оқибат, хайру саховат тадбирларини уюштиради. Кўнгли ўксик, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинади.
Зотан, мазкур қарорда ҳам халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро ҳамжиҳатлик каби фазилатларни қарор топтириш белгилаб қўйилган.
Одатда ҳайит кунларида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимиз ва ёру биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат қиламиз. Уларнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қиламиз.
Қурбонлик қилиш Яратган берган неъматларининг шукронасини адо этиш ва нафсоний иллатлардан покланиш ҳамда банданинг Яратувчи амрига итоати ва тақвосини намоён этади.
Ҳайит ўз номи билан хурсандчиликдир. Ушбу байрамда ота-она ва фарзандларга совға улашиб, уларни қувонтириш, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиш, уларга ҳадя бериб, қалбларига сурур киритиш динимиз тарғиб қилган амаллардандир.
Айрим ҳудудларда ҳайит кунлари исрофгарчиликка сабаб бўладиган турли маросимлар ўтказиш одат тусига кирган. Бу шариатимизда йўқ. Яқинлари вафот этган хонадонлардаги, никоҳ тўйлари бўлган оилалардаги “янги ҳайит”, “ҳайит йўқлови” каби маросимлар бидъатдир. Ҳайит кунлари исрофгарчиликлар, хурсандчилик байрамини аза ва йиғи-сиғига айлантириш бизга ярашмайди. Бунинг ўрнига муҳтожларга, фақир-мискинларга, етим-есир, бева-бечораларга совғалар улашиш зарур.
Қурбон ҳайити мусулмонларнинг шод-хуррамлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрамидир. Уни шариат талабларига мувофиқ, йиғи-сиғисиз, хурсандчилик билан, хуш кайфиятда ўтказиш шарт.
Ҳайит куни қариндош-уруғларни, биродарларни зиёрат қилиш, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш ажри улуғ амаллардан. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли таниш-билишлар муборак кунларда бир-бирларини кечирсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.
Аллоҳ таоло Қурбон ҳайитини барчамизга муборак қилсин!
Жасурбек домла Раупов,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби.
ЎзА