Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда "Миллий қадриятлар ойлиги" доирасида халқимизнинг маданияти, анъанаси ва урф-одатларини тарғиб этишга қаратилган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Юрий Гагарин ҳайкали атрофида ташкил этилган байрамона тадбирда кенг жамоатчилик ва ёшлар фаол иштирок этди.

Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари Шаҳноза Султонова ҳамда Абдулвосид Ҳомитжонов иштирок этиб, миллий қадриятларни асраш ва келажак авлодга етказиш ҳар бир ватандошимиз зиммасидаги вазифа эканини таъкидлади.
Тадбир доирасида миллий либослар кўргазмаси, миллий спорт ўйинлари, жумладан, кураш, арқон тортиш, ёшлар иштирокида варраклар сайли, миллий рақс ва қўшиқлар ижроси ташкил этилди.

Фаол ёшлар томонидан тайёрлаган миллий либослар композицияси, "Баркамол авлод" жамоасининг рақслари ҳамда маҳаллий санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.
Бундай тадбирлар миллий меросимизни асраш, уни кенг тарғиб этиш, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА