Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан “Миллий қадриятлар ва маънавий мероснинг жамият тараққиётидаги ўрни” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Унда профессор-ўқитувчилар ва амалиётчи мутахассислар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, докторантлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Конференцияда бугунги глобаллашув жараёнлари жадал кечаётган, ахборот майдони кенгайиб, дунёқарашлар торайиб бораётган бир даврда ҳар бир халқнинг ўз миллий қадриятларига таяна олиши унинг маънавий мустақиллиги ва миллий юзини сақлаб қолишнинг энг муҳим кафолати экани таъкидланди. Зеро, миллатнинг қудрати нафақат иқтисодий ёки сиёсий соҳа ютуқларида, балки унинг маънавий олами, қадриятлари, маданияти ва тарихий хотирасининг тириклигида намоён бўлади. Шу жиҳатдан, миллий қадриятлар ва маънавий меросни чуқур ўрганиш, уларни замон талабларига мос равишда асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласи ҳар доим долзарб бўлиб келган.
[gallery-26358]
Жамиятда пайдо бўлиши мумкин бўлган маънавий бўшлиқларни тўлдириш учун маънавий соҳада олиб бориладиган тадқиқотларни кучайтириш зарурлиги, бу каби илмий конференциялар шу жиҳатдан амалий аҳамиятга эга экани айтилди.
Эътироф этилганидек, миллий қадриятлар ва маънавий меросни ёшларга сингдириш, миллий ўзлик туйғусини пайдо қилиш ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш учун маънавият соҳасидаги илмий тадқиқотлар долзарб аҳамиятга эга. Бу мавзуда қилинган тадқиқотлар амалиётга татбиқ этилиши анжуманнинг асосий ютуғи бўлиши шубҳасиз.
Мазкур илмий-амалий анжуман миллий қадриятларнинг тарихий ва фалсафий илдизлари, маънавий мероснинг жамият тараққиётидаги аҳамияти, ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш асосида миллий ўзликни юксалтириш технологиялари, миллий қадриятларга асосланган тараққиёт омиллари, маънавий мерос тарғиботининг методологик асослари каби илмий муаммолар таҳлилига бағишланди.
Конференцияда миллий контентда қадриятларни тарғиб қилиш масалалари бугунги кундаги миллий ва маънавий муҳит билан боғланган тарзда муҳокама этилди.
Анжуманнинг мунозаралар қисми қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Н.Усмонова,
О.Мирсоатов (сурат),
ЎзА мухбирлари