Андижон шаҳридаги “Жомеъ” меъморий мажмуасида Миллий қадриятлар фестивали бўлиб ўтди.
Андижон шаҳар ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан Наврўз байрами олдидан Андижон шаҳрининг Эски шаҳар ҳудудидаги андижонликлар орасида “Андижон регистони” деб аталадиган майдонда ташкил этилган фестивалда халқимизнинг миллий қадрият ва ўлмас анъаналари кенг тарғиб этилди. Қизиқарли тадбирларга бой ўтган фестиваль иштирокчилар ҳамда шаҳар меҳмонларига баҳорий ва байрам кайфиятини улашди.
Халқ сайли тарзида ўтган фестиваль очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан улкан бунёдкорлик ишлари, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш хусусан, халқимизнинг миллий қадрият ва ўлмас анъаналарини улуғлаш, шу орқали юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Фестиваль доирасида уста ҳунармандлар томонидан намойиш этилган кулолчилик, заргарлик буюмлари, махси, дўппи, миллий кийимлар кўргазмалари барчага манзур бўлди.
– Бугунги фестивалда шогирдларим билан тайёрлаган ўттиздан ортиқ турдаги миллий қўғирчоқларимиз кўргазмаси билан қатнашяпмиз, – дейди Андижон шаҳри Чўлпон 100 йиллиги маҳалласида яшовчи, ҳунарманд Майрамхон Эрғозиева. – Кўп йиллардан буён шу иш билан шуғулланиб келаман, шогирдларим жуда кўп. Асосий мақсадим, шу ҳунарни ўрганиб, даромад топадиган ёшлар сафини кенгайтириш, миллий қўғирчоқлар тайёрлаш санъати анъаналарини сақлаш ва давом эттиришдир.
Регистон майдонининг турли жойларида бадиий ҳаваскорлик жамоалар томонидан намойиш этилган дастурлар, ҳарбийлар, ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари фестивалга ўзгача файз киритди.
– Кундан кунга юксалиб, чирой очиб бораётган юртимизга фақат байрамлар ярашади, – дейди тадбир иштирокчиси, Андижон шаҳридаги “Темурмалик” маҳалла фуқаролар йиғини Хотин-қизлар фаоли Шириной Артиқова. – Фестивалда маҳалламиздан бир гуруҳ уй бекалари, нуроний онахонлар, фаолларимиз иштирок этди. Бетакрор қадриятларимиз улуғланган қизиқарли тадбирлар, шодиёналар нафақат бизни, балки барча қатнашчиларни тўлқинлантириб юборди. Юртимиз тинчлигидан, шоду-хуррамликдан қалбимизда шукроналик, фахр-ифтихор туйдик.
Шаҳар маҳаллаларидан ташриф буюрган қўли гул, пазанда уй бекалари, келинлари томонидан тайёрланган сумалак, ўзига хос миллий ва баҳорий таомлар, ранг-баранг салатлардан барча баҳраманд бўлди.
Фестивалда маҳаллаларнинг ёшлар етакчилари тавсиясига асосан, бир гуруҳ ёшларга субсидия асосида тикув машиналари топширилди. Энди улар косиблик, тикувчилик йўналишларида ўз хонадонларида мустақил иш бошлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш имконига эга бўлди.
Шунингдек, фестиваль доирасида ҳунарманд ва модельерлар томонидан миллий ва замонавий либослар намойиш этилди. Маҳалла ёшлари ўртасида шашка, шахмат ҳамда камондан ўқ отиш, арқон тортиш, тош кўтариш бўйича спорт мусобақалари ўтказилди.
Шаҳар маҳаллаларининг моҳир пазандалари ўртасида ўтказилган “Ош” кўрик-танлови фестивалга ўзига хос кўтаринкилик бағишлади. Танловда ғолибларни аниқлаш осон кечмади. Ҳакамлар хайъатининг хулосасига кўра, Пистамазор маҳалласи ошпази биринчи ўринга, Сафоий ва Исломобод маҳаллалари вакиллари иккинчи ва учинчи ўринга сазовор бўлди.
[gallery-10995]
Якунда ўтказилган турли танлов ва спорт мусобақалари, кўргазмаларнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди. Фестиваль тадбирлари шаҳар маданият бўлими санъаткорлари, бадиий жамоалар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.
Миллий қадриятларимизнинг ҳақиқий намойишига айланган мазкур фестиваль шаҳар аҳолиси, меҳмонлар, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат, ғурур ва ифтихор, эртанги кунга умид туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат)
ЎзА